Марғилонда ҳайдовчи мактаб олдидаги пиёдалар ўтиш жойида уч нафар болани уриб юборди

Фарғона вилояти Марғилон шаҳрида 2025 йил 16 октябрь куни ҳайдовчи йўлни кесиб ўтаётган болаларни уриб юборди. Бу ҳақда вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси хабар берди.

Соат 12:30 атрофида Бурҳониддин Марғиноний кўчасида Nexia-1 русумли автомобиль ҳайдовчиси (1998 йилда туғилган) 33-сонли мактаб олдидаги тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойидан ўтаётган 3 нафар мактаб ўқувчисини уриб юборди.

Дастлабки маълумотларга кўра, ЙТҲ натижасида бир бола шифохонага ётқизилган, икки нафарига биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган.

Мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда.