Покистон ва Афғонистон вақтинчалик ярашувга келишди

Покистон ва Афғонистон 48 соатлик ўт очишни тўхтатиш ҳақида келишиб олдилар. Ярашув маҳаллий вақт билан чоршанба, 2025 йил 15 октябрь куни соат 18:00 да кучга кирди, деб ёзади Reuters Покистон ҳукумати баёнотига таяниб.

Томонлар «конструктив мулоқот орқали ушбу мураккаб, аммо ҳал қилиниши мумкин бўлган масалага ижобий ечим топиш учун самимий саъй-ҳаракатларни амалга оширадилар», дейилади Покистон Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.

Ўтган дам олиш кунлари Афғонистон ва Покистон чегарасида қуролли тўқнашувлар содир бўлиб, натижада икки томондан ўнлаб ҳарбий хизматчилар ҳалок бўлган эди. Кобул Исломободнинг Афғонистондаги нишонларга берган зарбаларига жавобан «қасос операцияси»ни ўтказганини билдирди. Покистон толибларнинг ҳужумларини «сабабсиз» деб атади. Кейинроқ Саудия Арабистони ва Қатарнинг чақириқларидан сўнг жанглар тўхтатилган эди.

Бироқ 2025 йил 15 октябрь куни икки давлат чегарасидаги тўқнашувлар қайта бошланди. «Толибон» Покистоннинг Қандаҳор вилояти Спинбулдак туманини ўққа тутиши оқибатида ўнлаб тинч аҳоли ҳалок бўлгани ва 100 дан ортиқ киши жароҳатланганини маълум қилди. Исломобод зарбалар толиблар қўшинларига қаратилганини айтди.

Покистон Исломобод «Толибон»дан Покистондаги ҳужумларни фаоллаштирган жангариларга қарши чора кўришни талаб қилганидан сўнг, улар Афғонистон ҳудудидаги яширин жойлардан ҳаракат қилаётганини айтиб, икки давлат ўртасидаги муносабатлар кескинлашган эди.

«Толибон» бу айбловларни рад этади ва Покистонни мамлакат барқарорлиги ва суверенитетига путур етказиш мақсадида Афғонистон ҳақида нотўғри маълумот тарқатишда айбламоқда.