
Россия Президенти Владимир Путин Ўзбекистон Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошевни “Дўстлик” ордени билан мукофотлади. У бу ҳақдаги фармонни 2025 йил 15 октябрь куни имзолади.
Мукофот Ниғматилла Йўлдошевнинг «МДҲ маконида қонунийлик, ҳуқуқ-тартибот мустаҳкамланишига, фуқаролар ҳуқуқлари ҳимоя қилинишига, прокуратуралараро ҳамкорлик ривожланишига, Россия томони билан стратегик шерикликни қуришга қўшган ҳиссаси учун» берилди.
Ниғматилла Йўлдошев 2019 йилдан буён Ўзбекистон Бош прокурори лавозимида ишлаб келмоқда, бунгача у Олий Мажлис Сенатига раҳбарлик қилган. 2024 йил июнь ойида у Бош прокурор лавозимига қайта тайинланган эди.
Россиянинг Дўстлик ордени Тожикистон Хавфсизлик кенгаши котиби Юсуф Раҳмонга ҳам берилди.
Дўстлик ордени 1994 йилда таъсис этилган. Мукофот Россия фуқароларига ва чет элликларга миллат ва халқлар дўстлиги ва ҳамкорлигини мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси учун топширилади.
Аввалроқ бу мукофотни санъаткорлар Фаррух Зокиров ва Севара Назархон ҳам олган эди.