
Тошкент шаҳрида жойлашган Тарас Шевченко кўчасининг бир қисмида транспорт ҳаракати вақтинча чекланади. Бунга ушбу ҳудудда гастрономик-кўнгилочар фестиваль ўтказилиши сабаб бўлмоқда.
Пойтахт аҳолиси ва меҳмонлари диққатига, қуйидаги кўчалар бўйлаб ҳаракат тўлиқ ёпилади:
- Тарас Шевченко кўчасининг Фидокор кўчаси кесишмасидан Нукус кўчаси кесишмасигача бўлган қисми;
- Саид Барака кўчасининг Ойбек кўчаси кесишмасидан Амир Темур шоҳ кўчасигача бўлган қисми.
Ушбу ҳаракатланиш чекловлари 2025 йил 16 октябрь соат 16:00 дан бошлаб 2025 йил 20 октябрь соат 07:00 гача амал қилади.
Транспорт воситалари ҳайдовчиларига кўрсатилган даврда тирбандликларнинг олдини олиш мақсадида муқобил йўналишлардан фойдаланиш тавсия этилади.
Маълумот учун: Фестиваль давомида кўчаларнинг ёпилиши мазкур ҳудудда ўтказиладиган маданий-кўнгилочар тадбирлар хавфсизлигини таъминлашга қаратилган.