БААнинг Envirol компанияси Ўзбекистонда оқова сувларни тозалаш ва ёғларни қайта ишлаш лойиҳасига $50 млн сармоя киритади

Ўзбекистонда оқова сувларни қайта ишлаш ва ёнилғи маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган. Бу ҳақда 2025 йил 7 октябрь куни Қонунчилик палатаси мажлисида Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Шерзод Ҳидоятов маълум қилди.

Қиймати 50 млн доллар бўлган лойиҳани БААнинг Envirol компанияси амалга оширади. Вазирнинг сўзларига кўра, лойиҳанинг асосий мақсади — ошхоналардан келадиган оқова сувлардан ёғларни ажратиб олиш учун фильтрлар ўрнатиш.

«Амалдаги нормаларга кўра, бир литр оқова сувда бир миллиграммдан ортиқ ёғ бўлишига йўл қўйилмайди. Бироқ, фильтрлаш тизимлари йўқлиги сабабли, ёғлар канализацияга катта ҳажмда тушиб, тармоқлар ва тозалаш иншоотларига жиддий зарар етказмоқда», — дея қайд этди Шерзод Ҳидоятов.

Компания оқова сувлардан ёғларни тутиб қоладиган махсус фильтрларни ўрнатади. Хомашё қайта ишланиб, совун ҳамда сурков-ёнилғи материаллари ишлаб чиқариш учун фойдаланилади.

2025 йил январь ойида «Ўзсувтаъминот» АЖ раиси в.б. Аҳмад Сувонқулов Envirol компанияси билан оқова сувларни тозалаш, нефтни қайта ишлаш ва биоёнилғи ишлаб чиқариш бўйича ҳамкорлик шартномасини имзолаган эди.

2025 йил май ойида Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов Envirol вакиллари билан Ўзбекистонда Марказий Осиёдаги биринчи чиқиндиларни биоёнилғига қайта ишлаш заводини қуришни муҳокама қилди.

Envirol компанияси 2006 йилда Дубайда ўз фаолиятини бошлаган. Бу Дубай ҳукумати билан қўшма корхона бўлиб, суткасига 500 минг литрдан ортиқ қувватга эга бўлган ишлатилган мойларни қайта ишлашга ихтисослашган. Envirol Alserkal Groupнинг шўъба корхонаси ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, ҳукумат қарорига кўра, 2026 йил 1 июлдан бошлаб умумий овқатланиш корхоналари марказлаштирилган оқова сув тизимларига фақатгина ёғ туткичлар мавжуд бўлгандагина уланишлари мумкин бўлади. Уларни ойига бир марта ёғлардан тозалаш, ёғли чиқиндилар эса қайта ишлаш ва утилизация қилишга юборилиши керак бўлади. Хусусан, ишлатилган ёғлардан иккиламчи хомашё — кир совун, ҳайвонлар учун озуқа ва бошқа маҳсулотларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилган.