
Жанубий Корея Ўзбекистондан E-8 визаси бўйича мавсумий ишчиларни қабул қилади, деб хабар берди Миграция агентлиги матбуот хизмати.
Идора директори Беҳзод Мусаев бошчилигидаги делегация бу мавзуда Жанубий Кореянинг Кёнсан-Намдо провинцияси губернатори Пак Вансу билан музокаралар ўтказди.
Томонлар Тошкент вилоятидан бўлган ишчиларни қишлоқ хўжалигида мавсумий ишларга E-8 визаси бўйича Хапчхон, Чхонлян округлари ва Мирян шаҳрига саккиз ой (5+3) муддатга ёллаш бўйича келишиб олдилар ва тегишли келишувни имзоладилар.
Аввалроқ Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ва Корея Республикаси Адлия вазирлиги ўртасидаги музокараларда Ўзбекистон фуқароларининг E-8 мавсумий бандлик дастуридаги иштирокини қайта тиклаш тўғрисида келишувга эришилган эди.
Жанубий Корея Адлия вазирлиги талабларига кўра, бундай келишувларда ишчи кучини юборувчи ва қабул қилувчи ҳудудлар аниқ белгилаб қўйилиши керак. Кёнсан-Намдо провинцияси губернаторининг 2025 йил 23-25 сентябрь кунлари Тошкент вилоятига ташрифи чоғида икки ҳудуд ўртасида дўстлик меморандуми имзоланган эди.
Миграция агентлиги билан имзоланган келишувда кўрсатилган туманлардаги мавсумий ишларга айнан Тошкент вилояти аҳолиси танлаб олиниши белгилаб қўйилган.
2026 йилдан бошлаб, ўзбекистонлик ишчиларнинг интизоми ва самарадорлиги ижобий баҳоланса, меҳнат миграцияси бўйича ҳамкорлик Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларига ҳам кенгайтирилиши мумкин.
«Фуқаролардан меҳнат шартномаси шартларига ва Корея қонунчилигига қатъий риоя қилиш, шунингдек, шартнома муддати тугагандан сўнг Ватанга қайтиш талаб этилади. Бу келажакда бошқа ватандошлар учун ишга жойлашиш имкониятларини ҳам кенгайтириши, ҳам чеклаши мумкин бўлган асосий омилдир», — дея таъкидлади Миграция агентлиги.
Томонлар Жанубий Кореядаги иш берувчилардан бўш иш ўринларига аризаларни қабул қилиш ва номзодларни танлаб олиш бўйича келишиб олдилар.
2021 йилда пилот лойиҳа доирасида Ўзбекистоннинг 420 нафар фуқароси E-8 визаси билан Кореяда ишлаган эди. Ходимларнинг бир қисми беш ойлик шартнома тугагандан сўнг Ватанга қайтмаганидан сўнг, дастур Корея томонидан тўхтатилган.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил сентябрь ойида Миграция агентлиги Кёнсан-Намдо провинцияси билан муайян соҳада ёки касбларда малакага эга ишчилар учун мўлжалланган E-7 тоифасидаги иш визалари доирасида ҳамкорлик қилиш тўғрисида келишув имзолаган эди.