
Дунё бўйлаб 100 миллиондан ортиқ киши электрон сигаретлар (вейп) чекади, уларнинг камида 15 миллиони 13 ёшдан 15 ёшгача бўлган ўсмирлардир. Бундай маълумотлар Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг (ЖССТ) 2000 йилдан 2024 йилгача бўлган даврда тамаки истеъмоли тенденциялари ҳақидаги янги ҳисоботида келтирилган. Ҳисобот дунё аҳолисининг 97%ни қамраб олган 2000 дан ортиқ сўровнома натижаларига асосланган.
ЖССТнинг ҳисоб-китобларига кўра, камида 86 миллион нафар катта ёшлилар вейпдан фойдаланади, уларнинг аксарияти юқори даромадли мамлакатларда яшайди. Болалар катталардан ўртача 9 баравар кўпроқ вейп чекади.
«Электрон сигаретлар никотинга қарамликнинг янги тўлқинини кучайтирмоқда. Улар зарарни камайтириш воситаси сифатида реклама қилинади, лекин аслида улар болаларни никотинга янада эрта ўргатиб, ўн йиллар давомида эришилган ютуқларни [тамаки чекишга қарши курашда] йўққа чиқариш хавфини туғдирмоқда», — деди ЖССТнинг Соғлиқни сақлаш детерминантлари, уни тарғиб қилиш ва профилактика бўлими директори Этьен Круг.
ЖССТнинг қайд этишича, глобал даражада чекувчилар сони камайишига қарамай, тамаки эпидемияси ҳали тугагани йўқ. Дунё бўйлаб тамаки истеъмолчилари сони 2000 йилдаги 1,38 миллиард кишидан 2024 йилда 1,2 миллиардгача қисқарди. 2010 йилдан буён уларнинг сони 120 миллион кишига, яъни 27%га камайган. Бироқ, ҳисоботда айтилишича, сайёрамиздаги ҳар бешинчи катта ёшли одам ҳали ҳам тамакига қарам бўлиб, бу ҳар йили миллионлаб олдини олиш мумкин бўлган ўлимларга олиб келмоқда.
ЖССТ маълумотларига кўра, 2000 йилдан 2024 йилгача барча ёшдаги эркаклар ва аёллар ўртасида тамаки истеъмолининг барқарор камайиши кузатилмоқда, аммо тамакидан воз кечиш жараёнида аёллар етакчилик қилмоқда. Аҳолининг бу гуруҳи 2025 йилгача истеъмолни 30%га қисқартириш бўйича глобал мақсадга беш йил олдин — 2020 йилдаёқ эришди. Аёллар ўртасида чекиш тарқалиши 2010 йилдаги 11%дан 2024 йилда 6,6%гача пасайди, тамаки истеъмолчи аёллар сони эса 277 миллиондан 206 миллионгача қисқарди.
ЖССТнинг ҳисоб-китобларига кўра, эркаклар 2031 йилгача бу мақсадга эриша олмайди. Бугунги кунда дунёдаги тамаки истеъмолчиларининг 80%дан ортиғи (қарийб 1 миллиард) — эркаклар. Гарчи эркаклар ўртасида тарқалиш 2010 йилдаги 41,4%дан 2024 йилда 32,5%гача камайган бўлса-да, қисқариш суръатлари жуда секин бўлиб қолмоқда, дейилади ҳисоботда.