
Ўзбекистон Марказий банки тижорат банкларини янгиланган кредит тўлаш жадвали фақат қарз олувчининг сўрови билан тақдим этиладиган амалиётни тўхтатишга чақирди. Бу ҳақда регуляторнинг мактубида айтилган.
Марказий банк маълумотларига кўра, сўнгги пайтларда баъзи банклар кредит шартномаларига тўлов муддатлари ёки суммалари ўзгарган тақдирда, янгиланган жадвал мижозга фақат мурожаат қилгандагина берилиши шартини киритмоқда. Регулятор бундай амалиётни йўл қўйиб бўлмайдиган ва қонунчиликка зид деб ҳисоблайди.
Хабарда таъкидланишича, кредит тўлаш жадвали кредит шартномасининг ажралмас қисми ҳисобланади ва қарз олувчи учун муҳим маълумотларни — асосий қарз ва фоизлар суммасини, қолдиқ қарзни ва тўлов саналарини ўз ичига олади. Янгиланган жадвални тақдим этмаслик муддати ўтказиб юборишга, жарималар ҳисобланишига ва кредит тарихининг ёмонлашувига, шунингдек, мижоз ва банк ўртасида низоларни келтириб чиқариши мумкин.
Марказий банк эслатиб ўтди:
- «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ, банклар мижозларга хизмат кўрсатиш шартлари ҳақида тўлиқ маълумот беришга мажбур;
- «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунга кўра, истеъмолчилар ҳуқуқларини чеклайдиган шартнома шартлари ҳақиқий эмас;
- банк қарз олувчига кредит шартномасининг бир нусхасини имзоланган куни топширишга мажбур.
Шу муносабат билан регулятор барча банклардан қуйидагиларни талаб қилди:
- янги кредит шартномаларига бундай шартларни киритишдан воз кечиш;
- бундай қоидаларни бартараф этиш мақсадида аллақачон тузилган шартномаларга ўзгартиришлар киритиш;
- шартларнинг ҳар қандай ўзгаришида — мижознинг сўровидан қатъи назар — қарз олувчига янгиланган кредит тўлаш жадвалини мажбурий тартибда тақдим этиш.
Марказий банк банкдан жавобгарликни олиб ташлаш ва уни қарз олувчига юклашга уринишлар қонунчилик талабларига зид эканлигини ва истеъмолчилар ҳуқуқларини бузишини қайд этди.
Аввалроқ Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Марказий банкка кредит карталари билан операциялар чоғида мижозлар ҳуқуқлари бузилишига доир сўров юборгани хабар қилинган эди.
Мурожаатда баъзи банклар кредит карталаридан фойдаланишда коммунал хизматлар, ўқиш, тиббий ва суғурта хизматлари, шунингдек, солиқларни нақд пул ечиб олишга тенглаштириб, бунинг учун фоиз ва комиссиялар ундираётгани қайд этилган.
Шу муносабат билан қўмита регуляторга банклар фаолиятини ўрганиш ва кредит карталари билан операциялар бўйича фоизларни ҳисоблаш шартларини қайта кўриб чиқиш ҳамда банкларнинг ишини истеъмолчилар манфаатларига мувофиқлаштириш чораларини кўриш ва ноқонуний ушлаб қолинган комиссия ва хизматлар учун тўловларни қайтариш илтимоси билан мурожаат қилди.

