Ўзбекистонда никоҳ шартномасини тарғиб қилиш режалаштирилмоқда

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 14 октябрь куни ўтказилган йиғилишда ажримлар сонининг ўсишига ва оилалар парчалангандан сўнг болаларнинг оғир аҳволига эътибор қаратди.

Президент матбуот котиби Шерзод Асадов эълон қилган маълумотларга кўра, 2025 йил бошидан буён мамлакатда 32 мингга яқин оила ажрашган, 16 минг нафар ота-она алимент тўлашдан бўйин товламоқда. Эрлар оилаларини ва фарзандларини кредитлар бўйича қарздорлик мажбуриятлари билан ташлаб кетиш ҳолатлари учрайди.

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, эрта турмуш қуриш ва яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг салбий оқибатлари ҳокимлар, «маҳалла еттилиги», нуронийлар ва бутун жамоатчиликда жиддий хавотир уйғотиши керак.

Бундан ташқари, ёшларга оила қуриш нафақат шахсий қарор, балки турмуш ўртоғи ва фарзандлар олдидаги катта масъулият эканлигини тушунтириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Президент ажрашиш ҳолатида томонларнинг, айниқса болаларнинг оғир моддий аҳволга тушиб қолишини олдини олиш учун никоҳ шартномаси тузиш ва унинг афзалликларини тарғиб қилиш лозимлигини таъкидлади.