«Тизим камчиликларига қатъий баҳо бериш талаб этилади». Сенатор Фарғона вилоятидаги ИИБ ходимларининг ҳаракатлари ҳақида

Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси Фарғона вилояти Фурқат туманидаги Ички ишлар органлари ходимлари томонидан ҳақорат ва зўралик қурбони бўлган мактаб директори Гулираъно Қосимова билан боғлиқ ҳолатни ўз назоратига олди. Бу ҳақда парламент юқори палатаси матбуот хизмати хабар берди.

«Ички ишлар вазирлиги ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан қонуний қарорлар қабул қилиниши устидан тегишли парламент назорати ўрнатилди. Ўз навбатида, Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси қонун бузилишининг ҳар қандай кўринишларига нисбатан муросасиз муносабатда бўлишини билдиради», — дейилади хабарда.

Ҳолатга сенатор Малика Қодирхонова ҳам изоҳ берди. У аёлни ҳақорат қилиш — бу жамиятни ҳақорат қилиш эканлигини таъкидлади.

«Бундай ҳолатлар нафақат бир кишининг қадр-қимматига доғ туширади, балки бутун тизимнинг обрўсига ҳам путур етказади. Инсон қадр-қиммати — давлат сиёсатида олий қадрият. Уни ҳимоя қилиш ҳар биримизнинг, айниқса ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг муқаддас бурчига айланиши керак. Ҳеч ким, ким бўлишидан қатъи назар, қонундан устун эмас. Хусусан, қонунни қўллаши керак бўлган шахслар томонидан уни бузиш икки карра жиноятдир», — деб ёзди.

Сенат вакиласи воқеани тўлиқ ва холис текширишни, барча айбдорларни жазолашни ва жабрланувчининг ҳуқуқларини тиклашни талаб қилди.

«Инсон олий қадрият бўлган жамиятда бундай ҳолатлар мутлақо қабул қилиниши мумкин эмас. Бу ҳолат биз учун тизимдаги камчиликлар ва қонун бузилишларига қатъий баҳо беришни талаб қиладиган жиддий дарс бўлиши керак», — деди сенатор.

Эслатиб ўтамиз, Фарғона вилояти Фурқат туманидаги 29-сонли мактаб директори Гулираъно Қосимова Kun.uz’га туман ИИБ бошлиғи Акмал Хўжаев ва солиқ инспекцияси бошлиғи Қурбонали Абдураҳмонов ўртасидаги можаро натижасида жабрланганини айтган эди.

У эрининг операцияси учун пул сўраш мақсадида солиқ инспекцияси бошлиғининг кабинетида бўлганида, фуқаролик кийимидаги бир нечта ИИБ ходимлари бостириб киришган. Улар икковини ҳам уриб, кийимларини йиртишга киришишган.

«Соҳиб мени сўкди, урди, шунақа урдики, йиқилиб тушдим. Тоҳир сочидан тортиб, юзимни камерага қаратди. Тўртта эркак устимда туришарди, мен эса: „Юзингизни ўгиринг, ҳеч бўлмаса кийиниб олай“, деб илтимос қилардим. Лекин улар: „Бу ерда шартларни биз қўямиз, сен эмас“, деб жавоб беришди», — деди жабрланувчи.

«Мен Ўзбекистонда бундай ҳолат содир бўлишига ҳеч қачон ишонмаган бўлардим. Тинчлигимизни ҳимоя қилиши керак бўлган орган ходимлари бундай пасткашликка тушиши мумкинлигини тасаввур ҳам қила олмасдим», — деди Қосимова.

Фарғона вилояти ИИБнинг муносабати

Фарғона вилояти ИИБ матбуот хизмати материалда тилга олинган барча ҳолатлар вилоят Ички ишлар бошқармаси назоратига олинганини хабар қилди.

«Бундан ташқари, Фурқат тумани ИИБ бошлиғи гўёки солиқ хизмати бошлиғига қарши фитна уюштирганлиги ва бегона аёлнинг шаънига доғ туширганлиги ҳақидаги сўнгги хабар юзасидан прокуратура томонидан жиноий иш қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда», — дейилади хабарда.

ИИБ тергов ва суд якунланмагунча тўлиқ бўлмаган ва тасдиқланмаган маълумотларнинг тарқатилиши жамоатчиликда резонанс келтириб чиқарганини қайд этди. Фуқаролардан суд қарори эълон қилингунга қадар шошма-шошарлик билан хулоса чиқармаслик сўралди.

Давлат органи сўзининг охирида ёлғон маълумот тарқатганлик учун қонунчиликда жавобгарлик назарда тутилганини эслатди.