Сиам эгизакларини ажратиш бўйича операция Тошкент вилоятида ўтказилди (видео)

Чирчиқ шаҳридаги Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий она ва бола саломатлиги тиббиёт марказининг Тошкент вилояти филиалида сиам эгизакларини ажратиш бўйича ноёб операция амалга оширилди, дея хабар берди Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.

«Ҳомиладорликнинг 33-34-ҳафтасида кесарча кесиш йўли билан муддатидан олдин туғилган сиам эгизаклари туғилгандан атиги 9 соат ўтгач, ўта мураккаб жарроҳлик аралашуви орқали шошилинч тартибда муваффақиятли ажратилди», — дейилади хабарда.

5 соат давом этган операция тиббиёт фанлари доктори, профессор, Республика перинатал маркази ҳузуридаги Неонатал хирургия маркази раҳбари Бахтиёр Эргашев бошчилигидаги малакали мутахассислар гуруҳи томонидан бажарилди.

2025 йил 8 октябрь куни Соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худоёров муассасага ташриф буюриб, чақалоқларнинг ҳолати билан танишди.

«Бу ўта ноёб жарроҳлик амалиёти. Оғир туғма аномалиялари бўлган сиам эгизакларини шошилинч тартибда, яна вилоят даражасида муваффақиятли ажратиш миллий тиббиётимиз салоҳияти янги ривожланиш босқичига чиққанининг ёрқин далилидир», — деди.

Вазир операцияда иштирок этган мутахассислар гуруҳига «Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш аълочиси» кўкрак нишонини топширди.

Эгизакларнинг аҳволи қониқарли, улар онаси билан бирга уйига жавоб берилди, дея қайд этди вазирлик.