Афғонистон ва Покистон чегарасида ҳарбий тўқнашувлар содир бўлди

2025 йил 11 октябрга ўтар кечаси Афғонистон ва Покистон чегарасида «Толибон» ҳаракати жангчилари ва Покистон аскарлари ўртасида ҳарбий тўқнашувлар содир бўлди, дея хабар бермоқда Reuters. Агентликнинг таъкидлашича, бу «Толибон» 2021 йилда Афғонистонда ҳокимиятга келганидан бери икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг энг жиддий кескинлашуви.

Покистон можаро натижасида ўз томонидан 23 нафар аскар ҳалок бўлганини маълум қилди. «Толибон» 9 нафар афғон ҳарбий хизматчиси ҳалок бўлганини билдирди.

«Толибон» ўз ҳаракатларини «қасос операцияси» деб атади, чунки, унинг даъвосича, Покистон Афғонистон ҳаво ҳудудини бузган ва 2025 йил 9 октябрь куни Кобулга ва мамлакат шарқидаги бозорга авиазарбалар берган, деб ёзади BBC News.

Покистон Ички ишлар вазири Мохсин Накви афғонларнинг ҳужумларини «ҳеч қандай сабабсиз» деб атади ва уларни тинч аҳолига ўқ узганликда айблади. У Покистон кучлари Афғонистон томонидан берилган зарбаларга жавоб қайтариши ҳақида огоҳлантирди.

Покистон ва Афғонистон ўртасидаги иккита асосий назорат-ўтказиш пункти — шимолдаги «Торхам» ва жанубдаги «Чаман» ёпилган, юзлаб товар ортилган юк машиналари чегаранинг икки томонида қолиб кетган.

Покистон узоқ вақтдан бери Афғонистон «Толибон»ини ўз ҳудудида Покистон «Толибон»ига ҳаракат қилишга ва Исломободга қатъий исломий бошқарув тизимини жорий этиш мақсадида кураш олиб боришга рухсат беришда айблаб келади.