Оғир атлетикачи Акбар Жўраев уч карра жаҳон чемпиони бўлди ва иккита жаҳон рекордини ўрнатди

Ўзбекистонлик оғир атлетикачи Акбар Жўраев Норвегиянинг Фёрде шаҳрида 2025 йил 2-11 октябрь кунлари бўлиб ўтган оғир атлетика бўйича жаҳон чемпионатида учта олтин медални қўлга киритди ва жаҳон рекордини ўрнатди.

110 кггача бўлган вазн тоифасида Жўраев даст кўтариш машқида 196 кг тош кўтариб, олтин медални қўлга киритди — бу янги жаҳон рекорди. Силтаб кўтаришда у 232 кг натижа қайд этди. Икки машқ йиғиндиси (428 кг) бўйича Жўраев мутлақ жаҳон чемпиони бўлди. Бу унинг жаҳон чемпионатларидаги фаолиятида учинчи соврини.

Халқаро оғир атлетика федерацияси ёзишича, ўзбекистонлик спортчи, жаҳоннинг кўп карра чемпионлари бўлган Арманистон вакиллари Симон Мартиросян ва Гарик Карапетян, шунингдек, унинг жамоадоши, 2016 йилги олимпия чемпиони Руслан Нурутдиновнинг турнирда иштирок этишига қарамай, жиддий рақобатга дуч келмади.

Жўраев ўзининг оптимал вазн тоифасига қайтиб, учинчи уринишида даст кўтаришда жаҳон рекордини ўрнатди, сўнгра бешинчи уринишида икки машқ йиғиндиси бўйича жаҳон рекордини янгилади.

У энг яқин рақибини 13 кгга ортда қолдирди ва агар якуний уринишдаги ғалати ҳаракат бўлмаганда, фарқ янада каттароқ бўлиши мумкин эди.

«Тўлиқ «олтин» хет-трик учун у охирги уринишда [силтаб кўтаришда] яна 6 кг қўшиши керак эди. Аксинча, у тўсатдан 245 кг оғирликдаги штангани — олдинги уринишдан 13 кгга кўпроқни кўтарди, уни тизза даражасигача олиб келди, ташлади ва табассум билан залга қаради. У шунчаки завқланаётган эди», — дейилади IMF мақоласида.

Бу 2024 йили Париждаги воқеаларга кескин қарама-қарши эди, ўшанда Жўраев икки марта муваффақиятсиз уринишдан сўнг 102 кггача бўлган тоифада олимпия олтинини қўлдан бой бериб, ярим соат давомида кўз ёшларини тўхтата олмаган ва гапира олмаган эди. «Шунинг учун менда олтин эмас, кумуш бор, — деди. — Эҳтимол, вазн тоифалари яна ўзгарар (Лос-Анжелесдаги 2028 йилги Олимпиадагача) ва ўшанда мен керакли натижага эришаман».

Вазн тоифалари ҳақиқатан ҳам ўзгарди — ва, кўринишича, у ўз мақсадига эришади. «Мен ўз вазнимга қайтдим. Нормал овқатланишим, нормал машқ қилишим мумкин. Ўзимни яхши ҳис қиляпман ва жуда бахтлиман», — деди у чиқишидан сўнг.

Иккинчи ўринни Эрон вакили Алиреза Насири (415 / 184 + 231) эгаллади.

Ўзбекистоннинг яна бир вакили Руслан Нурудинов ҳам муваффақиятли иштирок этиб, иккита бронза медалини қўлга киритди. Силтаб кўтаришда у 228 кг, икки машқ натижаси бўйича эса 414 кг кўтарди.