Бўзсув каналига рангли оқова сувлар ташланганидан сўнг «Тошкент сув таъминоти»га нисбатан жиноят иши қўзғатилди

Ўзбекистон Бош прокуратураси Тошкент вилоятидаги Бўзсув каналининг ифлосланиши факти бўйича «Тошкент сув таъминоти» корхонасига нисбатан жиноят иши қўзғатди. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот котиби Лола Раҳмоний хабар берди.

Жиноят иши Жиноят кодексининг 205-моддаси (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ва 207-моддаси (Мансабга совуққонлик билан қараш) бўйича қўзғатилган бўлиб, терговни Тошкент шаҳар прокуратураси олиб бормоқда.

Экология вазирлиги аниқлик киритишича, тергов версиясига кўра, «Тошкент сув таъминоти» ифлослантирувчи моддаларни ташлаб келувчи саноат корхоналари билан шартномалар тузган, лаборатория ўлчовларини ўтказган ва кимёвий чиқиндиларни канализация тармоғига расман қабул қилиб олган. Бунда амалдаги нормалар кимёвий оқова сувларни канализация тизимига қабул қилишни тақиқлайди.

Жиноят иши доирасида 70 дан ортиқ тадбиркорлик субъектлари сўроқ қилинди, уларнинг ҳаракатларига ҳам ҳуқуқий баҳо берилади, дея қўшимча қилди Экология вазирлиги.

Бўзсув ҳаволатиш станциясининг биринчи чиқариш нуқтасидаги оқова сувларнинг лаборатория таҳлили натижаларига кўра, ифлослантирувчи моддалар миқдори рухсат этилган меъёрлардан сезиларли даражада ошиб кетган: муаллақ моддалар — 23,7 баробараммоний ионлари — 101,9 баробаразот нитрити — 3,5 баробарсульфатлар — 2,3 баробарфосфатлар — 1,3 баробарнефть маҳсулотлари — 2,52 баробармис — 4,16 баробартемир — 12,4 баробар.

Объектнинг учинчи чиқариш нуқтасида ҳам меъёрдан ошиш ҳолатлари аниқланган: муаллақ моддалар — 22,1 баробар, аммоний ионлари — 19,9 баробар, азот нитрити — 8,5 баробар, сульфатлар — 2,8 баробар, фосфатлар — 1,3 баробар, БПК — 17 баробар, нефть маҳсулотлари — 1,78 баробар, мис — 3,3 баробар, темир — 3,6 баробар.

Дастлабки тергов давомида атроф-муҳитни ифлослантирганлик ва оқова сувларни ташлаганлик учун 1,5 млрд сўм миқдорида қўшимча компенсация тўлови ҳисоблаб чиқилди.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Бўзсув каналига рангли оқова сувларнинг ташланиши акс этган видеолар тарқалган эди. «Тошкент шаҳар сув таъминоти» компанияси буни текстиль корхоналаридаги кимёвий чиқиндиларни дастлабки тозалашсиз канализацияга оқизиш билан боғлиқ қоидабузарликлар билан изоҳлаган.

«Кадрларда кўринган рангли оқова сувлар айнан текстиль корхоналаридан келиб чиққан. Афсуски, тозалаш иншоотлари бўёқлар ва кимёвий аралашмаларни ажратиб олишга қодир эмас», — дейилганди компания баёнотида.

Улар ишлаб чиқариш корхоналарига бундай оқова сувларни канализация тармоқларига ёки табиатга ташлашга йўл қўйилмаслигини эслатди. «Бундай ҳаракатлар нафақат ишлаб чиқариш, жамият ва экология нормаларига, балки инсонийлик тамойилларига ҳам зид», — дея таъкидлади «Тошкент шаҳар сув таъминоти».