
Ўзбекистонда атом электр станциялари қурилиши бўйича жамоатчилик муҳокамалари дастури тез орада бошланади. Бу ҳақда Ўзбекистон Атом энергетикаси агентлиги («Ўзатом») директори Азим Аҳмедхўжаев Москвадаги «Жаҳон атом ҳафталиги» халқаро форумида маълум қилди.
«Биз жамоатчилик муҳокамалари бўйича катта концептуал дастурни ишлаб чиқдик ва яқин орада бу дастурни бошлаймиз. У жамоатчиликка биз амалга оширмоқчи бўлган ишларни етказиш учун соҳа ва хориждан кўплаб мутахассисларни жалб қилишни назарда тутади. Қандай бўлмасин, жамоатчилик фикрисиз ҳеч қаёққа силжий олмаймиз», — деди «Ўзатом» раҳбари.
Унинг сўзларига кўра, аҳолидан қайта алоқа олиш ва жамоатчилик фикрига мувофиқ лойиҳага тузатишлар киритиш режалаштирилган.
Азим Аҳмедхўжаевнинг хабар беришича, Жиззах вилояти аҳолиси ҳам атом электр станцияси қурилишини қўллаб-қувватламоқда ва ишлар бошланишини кутмоқда. Унинг сўзларига кўра, аҳоли лойиҳада минтақани ривожлантириш ва ҳаёт сифатини ошириш учун «туртки»ни кўрмоқда.

