Прокуратура: Grand Mir Hotel ўрнидаги баланд қаватли бино тасдиқланмаган, рухсат этилган қаватлар сони — беш қават

Тошкент марказидаги Grand Mir (аввалги «Россия») меҳмонхонаси ўрнида 30 қаватли бизнес маркази қурилиши лойиҳаси ҳали тасдиқланмаган. Бу пойтахт прокурори ўринбосари Ҳабибулла Мирсоатовнинг меҳмонхона жойлашган «Боғсарой» маҳалласи аҳолисидан бирининг мурожаатига берган жавобидан маълум бўлди.

Прокуратура шаҳар Қурилиш бош бошқармасига сўров юборган, у ердан меҳмонхона ўрнидаги объект бўйича архитектура-режалаштириш топшириғини ишлаб чиқиш ва лойиҳа-смета ҳужжатларини тасдиқлаш учун аризалар Архитектура-шаҳарсозлик кенгашининг ишчи комиссияси томонидан кўриб чиқилмагани ҳақида хабар берилган.

Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 24 декабрдаги, Тошкентнинг 2045 йилгача бўлган бош режасини тасдиқлаган қарорига кўра, кўрсатилган ҳудудда рухсат берилган қаватлар сони 5 қават билан чекланган.

Тарихи

2025 йил июнь ойида ижтимоий тармоқларда Grand Mir Hotel бузилиши ва унинг ўрнида 30 қаватли бизнес маркази ҳамда савдо-кўнгилочар мажмуаси қурилиши ҳақида хабарлар пайдо бўлган. ОАВда архитектура концепцияси Koç Construction билан биргаликда Sarıkoç холдингига кирувчи Design Factory томонидан ишлаб чиқилгани хабар қилинганPodrobno.uz маълумотларига кўра, Design Factory вакили Шавкат Абдуллаев меҳмонхонани бузиш ишлари 2025 йил сентябрь ойида бошланиши ва йил охиригача якунланиши кераклигини тасдиқлаган.

2025 йил 20 август куни «Боғсарой» маҳалласи аҳолиси лойиҳага қарши давлат органларига жамоавий мурожаат йўллади, унга 2727 киши имзо чеккан. Улар қурилиш шаҳарсозликсанитария ва сейсмик нормаларни бузади, шунингдек, Тошкент бош режасига зид келади, деб баёнот беришган. Шунингдек, шаҳарликлар инфратузилманинг ортиқча юкланганлиги ва электр таъминотидаги узилишлар хавфига ҳам эътибор қаратишган.