
Telegram мессенжери асосчиси Павел Дуров Астанадаги Digital Bridge форумида Қозоғистонда сунъий интеллект лабораториялари ишга туширилишини эълон қилди. Бир йил аввал мессенжер мамлакатда ўзининг биринчи минтақавий офисини ҳам очган эди.
“Бугун мен AI лабораториялари айнан Alem.Ai биносида очилишини фахр билан эълон қиламан. Биринчи лойиҳа Telegram ва Қозоғистоннинг суперкомпьютер кластери ўртасидаги ҳамкорлик бўлади. У Сунъий интеллект вазирлиги кўмагида айнан шу ерда, Қозоғистонда ишга туширилади”, — деди Дуров (Zakon.kz нашрига кўра).
Унинг сўзларига кўра, томонлар блокчейн ва нейротармоқларни бирлаштирувчи янги технология устида ишлайдилар.
“Бу технология бир миллиарддан ортиқ одамга марказлашмаган компьютер тизими томонидан яратиладиган сунъий интеллект функцияларидан фойдаланиш имконини беради”, — дея қўшимча қилди Telegram асосчиси.
Форум доирасида Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев ва Павел Дуров ўртасида ҳам учрашув бўлиб ўтди. Улар таълим, сунъий интеллект ва киберхавфсизлик соҳаларидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилдилар, дея хабар беради Ақорда.
“Президент Telegramнинг мамлакатимизнинг рақамли кун тартибини ривожлантиришга қўшган ҳиссасини юқори баҳолади, — дейилади хабарда. — Ўз навбатида Павел Дуров Қосим-Жомарт Тоқаевга сунъий интеллект соҳасидаги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари ҳақида сўзлаб берди”.
Павел Дуров 2024 йил ёзида Қозоғистонда бўлган эди. “Мамлакат бизнес учун қулай сиёсат ва имтиёзли солиқлар билан халқаро компаниялар ва технологик стартапларни ўзига жалб қилмоқда. Шунингдек, у инновацион мактаб ва университетларни қўллаб-қувватлаб, таълим ва фан соҳасидаги мавқейини мустаҳкамламоқда”, — деб ёзган эди ўшанда Telegram асосчиси ўз каналида. У Қозоғистоннинг 20 миллион аҳолисидан 12,5 миллион нафари ҳар ойда Telegramдан фойдаланишини қайд этган.
Марказий Осиё бўйлаб сафари доирасида Дуров Ўзбекистон ва Қирғизистонга ҳам ташриф буюрган эди. “Газета” манбалари Дуров Ўзбекистон ҳукумати билан Telegram-банк очиш, шунингдек, Toncoin криптовалютасини қонунийлаштириш масалаларини муҳокама қилганини хабар қилган эди.