Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлиш доирасида янги келишувларни имзолади — учта давлат қолди

Ўзбекистон ҳукумати Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиш доирасида бозорга кириш бўйича яна учта давлат билан икки томонлама музокараларни якунлади. Бу ҳақда Президентнинг ЖСТ масалалари бўйича вакили Азизбек Урунов LinkedIn ижтимоий тармоғида хабар берди.

Унинг сўзларига кўра, жорий ҳафта Женевада Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси ЖСТга тўлақонли аъзо бўлиш йўлида «яна бир аниқ қадам» ташлади.

Хусусан, мамлакат Аргентина, Австралия ва Гондурас билан бозорга кириш тўғрисидаги икки томонлама протоколларни имзолади.

«Бу Ўзбекистоннинг кўп томонлама савдо тизимига интеграциялашуви йўлида ўсиб бораётган қўллаб-қувватлаш ва ҳамкорликнинг аниқ сигналидир», — деб ёзди.

Урунов протоколларни имзолашдан ташқари, яна иккита ЖСТга аъзо давлат билан принципиал келишувларга эришилганини таъкидлади.

«Бу келишувлар нафақат бизнинг қўшилиш бўйича музокараларимизни олдинга силжитади, балки дунёнинг турли минтақаларидаги ҳамкорлар билан иқтисодий ҳамкорлик, савдони диверсификация қилиш ва ишбилармонлик алоқаларини мустаҳкамлаш учун янги каналлар очади», — дея қайд этди Урунов.

Унинг таъкидлашича, «ҳар бир имзо Ўзбекистонни ЖСТга тўлиқ аъзо бўлишга яқинлаштиради — бу бизнинг иқтисодиётимиз, минтақамиз ва глобал савдо ҳамкорларимиз учун янги имкониятларни очиб берувчи муҳим босқичдир».

Вакилнинг сўзларига кўра, айни пайтда 29 та давлат билан музокаралар якунланган.

«Икки аъзо билан принципиал келишувларга эришилди ва икки томонлама музокараларни тўлиқ якунлаш учун атиги учта давлат қолди», — деди у ўз постини: «Ҳисоб-китоб бошланди: учта қолди!» (инглизча: Countdown to three!) сўзлари билан якунлади.

Урунов гап қайси давлатлар ҳақида кетаётганини очиқламади, аммо улар орасида шу йилнинг март ойида ЖСТ бўйича «ҳал қилинмаган масалалар» муҳокама қилинган Россия, шунингдек, Европа Иттифоқи ҳам бўлиши керак.

Саида Мирзиёева 2025 йил 17 сентябрь куни ЖСТ бош директори Нгози Оконджо-Ивеала билан учрашув ўтказди.

«Республикамизда бўлаётган прогрессив ўзгаришлар, ЖСТга аъзо бўлиш йўлидаги янги қийинчиликлар ҳамда ишонч ва ҳамкорлик қанчалик муҳимлиги ҳақида очиқ гаплашдик… Бу жаҳон савдоси учун муҳим давр ва Ўзбекистон ўз ислоҳот мажбуриятларига содиқ», — деб ёзди у.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон АҚШ, Хитой, Буюк Британия каби давлатлар билан ЖСТга аъзо бўлиш бўйича музокараларни якунлаган.

Бош вазир ўринбосари Жамшид Ходжаев май ойида Ўзбекистон 2026 йил март ойида Камерунда бўлиб ўтадиган 14-вазирлар конференциясигача Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш ниятида эканлигини эълон қилган эди.