
Буюк Британия Ўзбекистондан келадиган мавсумий ишчилар учун квоталарни оширади, дея хабар берди Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги 2025 йил 18 сентябрь куни.
Бу ҳақдаги келишув Лондонда Агентлик директори Беҳзод Мусаев, Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчиси Равшан Усмонов ва Меҳнат таъминотчилари уюшмаси (Association of Labour Providers, ALP) бош директори Дэвид Кэмп иштирокидаги учрашувда эришилди.
Томонлар, шунингдек, янги мавсумий операторлар билан ишга ёллаш бўйича келишувлар тузиш ва ўзбекистонликларни хавфсиз ва тартибли ёллаш юзасидан келишиб олдилар.
«Биз Ўзбекистон Меҳнат миграцияси агентлиги билан ўзбек ёшларини Англия корхоналарига ишга жойлаштириш бўйича ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга тайёрмиз», — дея қайд этди Кэмп.
Бир кун аввал Беҳзод Мусаев ва Равшан Усмонов Буюк Британия Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Қароқчилик ва меҳнатга зўравонликка қарши кураш бошқармаси (Gangmasters and Labour Abuse Authority, GLAA) раҳбари Элиза Маккэффри билан учрашган эди. Бу бошқарма қишлоқ хўжалиги, боғдорчилик ва бошқа тармоқларда ишловчи хусусий бандлик ва рекрутинг агентликларини лицензиялайди.
Учрашув якунида Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва GLAA меҳнат миграцияси соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумни имзоладилар.
Марказий банк маълумотларига кўра, 2025 йилнинг январь-июнь ойларида Буюк Британиядан Ўзбекистонга пул ўтказмалари ҳажми икки баравар ошиб, 89 миллион долларга етган.

