Фабио Каннаваро Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи бўлади (расман кутилмоқда)

Дунёнинг энг машҳур инсайдерларидан бири Фабрицио Романо ўз манбаларига таяниб, Ўзбекистон миллий терма жамоасининг янги бош мураббийи номини эълон қилди. Унга кўра, Италия футболи афсонаси, “Олтин тўп”соҳиби Фабио Каннаваро Ўзбекистон терма жамоасини бошқаришга розилик берган.

Келишув тафсилотлари: “Оғзаки келишувга эришилди”

Романонинг хабар беришича, Фабио Каннаваро 2026 йилги Жаҳон чемпионати саралаш босқичида Ўзбекистон терма жамоасини мусобақага олиб чиқиш мақсадида жамоага бошчилик қилишга рози бўлган. Ҳозирча бу борада оғзаки келишув мавжуд, томонлар барча расмий ҳужжатларни имзолашни кутмоқдалар.

Футбол функционерининг таъкидлашича: “Каннаваро 2026 йилги Жаҳон чемпионатида Ўзбекистонни бошқаради, чунки оғзаки келишув амалга оширилди, энди барча расмий қадамлар кутилмоқда”.

“Олтин тўп” соҳиби учун янги боб ва Жаҳон чемпионати саралашидаги жиддий иш бошланмоқда. Ҳужжатлар кейинги 24/48 соат ичида кўриб чиқилиши кутилмоқда.

Фабио Каннаваро 2006 йилда Италия терма жамоаси сафида Жаҳон чемпиони бўлган ва ўша йили “Олтин тўп”ни қўлга киритган ноёб ҳимоячилардан бири. 52 ёшли Каннаваро аввалроқ Италия, Саудия Арабистони, Хитой клубларини бошқарган, шунингдек, Загребнинг «Динамо» клубига ҳам мураббийлик қилган.

Хабар расман тасдиқланганидан сўнг, Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан расмий баёнот берилиши кутилмоқда.