
2025 йил август ойи якунларига кўра, Ўзбекистонда енгил автомобиллар бозорида фаоллик пасайгани кузатилди. Бу ҳақда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг (ИТИМ) таҳлилида айтилган.
Ўтган ойда расман 90 мингта енгил автомобиль олди-сотди шартномаси рўйхатдан ўтказилган, бу 2025 йил июль ойига нисбатан 9,5%га кам.
Фаолликнинг энг катта пасайиши Тошкент, Хоразм ва Қашқадарё вилоятларида қайд этилган. Айни пайтда Қорақалпоғистон, Сирдарё ва Андижон вилоятларида савдо ўсиши кузатилган.
Йиллик ҳисобда (2024 йил август ойига нисбатан) савдо ҳажми 11,3%га, 2023 йил август ойига нисбатан эса 33,3%га қисқарган.
Янги машиналар
Янги автомобиллар савдоси 2%га камайиб, 37,6 минг донани ташкил этди. Шундан:
- 32,6 минг донаси — маҳаллий ишлаб чиқарилган автомобиллар (июль ойига нисбатан -0,8%);
- 4900 га яқин донаси — хорижда ишлаб чиқарилган автомобиллар (-9,4%).
Йиллик ҳисобда янги машиналар савдоси бироз ошган.
Иккиламчи бозор
Иккиламчи бозордаги савдо ҳажми 52,7 минг донани ташкил этди, бу июль ойига нисбатан 14,3%га кам.
Йиллик ҳисобда кўрсаткич 18,3%га қисқарди (64,6 минг дона бўлган).
Электромобиллар
Август ойида иккиламчи бозорда 2700 га яқин электромобиль сотилган, бу июль ойига нисбатан атиги 0,6%га кўп.
Бироқ, 2024 йил август ойига нисбатан ўсиш 4,6 баробарни ташкил этган.
Битимлар сони камайишининг сабаблари
Божхона қўмитаси маълумотларига кўра, 2024 йил давомида Ўзбекистонга умумий ҳисобда 1,32 миллиард долларлик 74 505 та енгил автомобиль импорт қилинган. 2023 йилга нисбатан миқдор жиҳатдан ҳажм 7,1%га (5730 дона), пул жиҳатидан эса 33,1%га (—$633 млн) пасайган.
2025 йилнинг биринчи ярмида автоимпорт миқдор жиҳатдан 33,4%га (36 451 донадан 24 264 донага), пул жиҳатидан эса 43%га ($436,8 млн) қисқарган.
Ўзбекистон Марказий банки ўтган йил якунлари бўйича аҳолининг автомобилларга нисбатан харид қобилияти пасайганини маълум қилган эди. Бу, хусусан, автокредитлаш шартларининг қатъийлаштирилиши билан боғлиқ.
Регулятор маълумотларига кўра, ўтган йили берилган автокредитларни қоплашнинг ўртача тортилган муддати 4 йилни ташкил этиб, 2023 йилга нисбатан 0,3 йилга қисқарган. Автокредитлар бўйича ўртача тортилган фоиз ставкаси 26,1%га етиб, 2,1 фоиз пунктига ошган.
Автокредитлаш ҳажми ҳам қисқарди — йил давомида тижорат банклари томонидан 17,1 триллион сўмлик автокредит берилган, бу 2023 йилга нисбатан 2,1 баробар камдир.
Кредитлашнинг чекланиши фонида автобозордаги умумий фаоллик ҳам пасайган:
- Енгил автомобиллар импорти 2023 йилга нисбатан 7%га қисқарди (Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитаси маълумотлари);
- Ўзбекистонда автомобиль ишлаб чиқариш (махсус техникасиз) 399 минг донани ташкил этди, бу ўтган йилга нисбатан тахминан 1%га кўп;
- Йил давомида 1,1 миллионта автомобиль олди-сотди шартномаси тузилган, бу 2023 йилга нисбатан 27%га кам.
Марказий банкнинг фикрича, автомобиль олди-сотди шартномалари сонининг камайиши нафақат талабнинг пасайиши, балки транспортни рўйхатдан ўтказиш харажатларининг ошиши билан ҳам боғлиқ. Хусусан, 2024 йил 1 апрелдан бошлаб транспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва қайта рўйхатдан ўтказиш учун тўлов 68 бараваргача оширилган эди.
Натижада ҳайдовчилар автомобилни олди-сотди қилишда рўйхатдан ўтказиш ўрнига, машинани тасарруф этиш ҳуқуқи учун ишончнома расмийлаштирмоқдалар.