Ўзбекистонда ер ижарачиларига қишлоқ хўжалиги ерларининг бир қисмини иккиламчи ижарага беришга рухсат берилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 12 сентябрь куни қишлоқ хўжалиги ерларида узлуксиз ишлаб чиқаришни таъминлаш ва ердан фойдаланиш самарадорлигини оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисидаги фармонни имзолади.

Ҳужжат бўш ерларни тўлиқ муомалага киритиш, уларни иккиламчи ижарага бериш тартибини соддалаштириш ва ердан фойдаланишнинг барча шакллари учун ижара ҳуқуқининг якка тартибда эканлигини белгилашга қаратилган.

Фармонга мувофиқ, туман ва шаҳар ҳокимлари қишлоқ хўжалигига мўлжалланган барча бўш ер участкаларини ўз вақтида кадастрда ҳисобга олиш, фойдаланиш ҳуқуқини бекор қилиш ва бундай ерларни ҳисобга олингандан сўнг 10 кундан кечикмай электрон аукционга чиқариш учун шахсан жавобгар ҳисобланади.

Бундай ерларни ижарага беришдан маҳаллий бюджетларга тушган даромадлар халқ депутатлари кенгашлари қарорларига асосан фақатгина аграр соҳа инфратузилмасини ривожлантириш — суғориш, сув тежовчи технологиялар, янги ва ташландиқ ерларни ўзлаштириш, илмий инновацияларни жорий этишга йўналтирилади.

Ижарачиларга ўз участкаларининг бир қисмини (авваллари ё тўлиқ, ёки иккиламчи ижарага бериш мумкин эди) бошқа шахсларга иккиламчи ижарага бериш ҳуқуқи берилди. Бунда энг кам майдонларга риоя қилиш (Ер кодексининг 46-1-моддаси бўйича), контурларни ва амалдаги суғориш тизимларини сақлаб қолиш шарт қилиб қўйилган. Бундай ҳолатлар учун участкани бўлиш ва янги чегараларни белгилаш бўйича янги давлат хизмати жорий этилади.

Фармонда Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги ерларига эгалик қилишнинг ягона шакли ижара деб тан олиниши мустаҳкамланди. Қишлоқ хўжалиги ерларига эгалик қилишнинг бошқа шакллари рўйхатдан ўтказилмайди, қуйидаги истиснолардан ташқари:

  • Давлат органлари, муассасалари ва корхоналарининг ижара ҳуқуқидан бошқача ҳуқуқ асосида давлат рўйхатидан ўтган қишлоқ хўжалиги ерлари, шунингдек, бошқа ер фонди тоифалари таркибидаги қишлоқ хўжалиги ерлари;
  • 2021 йил 1 августгача деҳқон хўжалиги ва томорқа хўжалиги юритиш учун ажратилган, якка тартибдаги уй-жой қуриш ҳуқуқига эга ерлар, шунингдек, боғдорчилик ва узумчилик ширкатларига ажратилган ерлар.

2027 йил 1 январгача мулкдорлар ва фойдаланувчилар маҳаллий кенгашлар қарорлари асосида ўз ҳуқуқларини ижара ҳуқуқига ўзгартиришлари мумкин бўлади. Ижара муддати: Ўзбекистон фуқаролари ва юридик шахслари учун 30 йил, хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар учун 25 йил.

Масъул идораларга жараённинг шаффофлигини таъминлаш, E-ijara тизимига ўз вақтида маълумотларни киритиш, 2026 йил 1 январгача доимий фойдаланишдаги участкаларни қайта тақсимлашни якунлаш, шунингдек, икки ой муддатда қисман иккиламчи ижарага бериш тўғрисидаги янги нормаларни ҳисобга олган ҳолда ер қонунчилигини бузганлик учун жавобгарликни қайта кўриб чиқиш бўйича қонун лойиҳасини киритиш вазифаси топширилди.

2025 йил 9 сентябрь куни Президент иштирокидаги тақдимотда 2027 йил 1 январгача қишлоқ хўжалигида фойдаланилаётган барча ерлар ижара ҳуқуқига ўтказилиши лозимлиги айтилгани ҳақида хабар берилган эди.

Президентнинг 2021 йил 8 июндаги фармони билан ер участкаларини умрбод мерос қилиб қолдириладиган эгалик, доимий ва вақтинча фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратиш тартиби бекор қилинган, шу билан бирга, аввал ажратилган ер участкаларига нисбатан бу ҳуқуқлар амалдаги тартибда ўз эгаларида сақланиб қолган эди.