
2025 йил 28 сентябрь, якшанба тонги ҳолатига кўра, бир нечта туманларидаги давлат болалар боғчаларида оммавий озиқ-овқатдан заҳарланиш ҳолати кузатилган Тошкент вилоятида 182 нафар бола даволанишда қолмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик фаровонлик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Нурмат Отабеков хабар берди.
Заҳарланиш 2025 йил 24 сентябрь куни содир бўлган. Нурмат Отабековнинг сўзларига кўра, текширув барча беморларда ўткир гастроэнтерит ташхиси тасдиқланганини кўрсатди. Жами 960 нафардан ортиқ бола касалхонага ётқизилган эди.
Ушбу касаллик одатда икки-уч кун давом этадиган ва тўғри даволанганда тез ўтиб кетадиган касалликлар тоифасига киради, шу сабабли болалар тузалиб, уйига рухсат берилмоқда, дея қайд этди Санэпидқўмита раҳбарияти вакили.
Аҳволи ўртача оғирликда бўлган беморлар орасида ҳам яхшиланиш кузатилган. Ҳеч қандай оғир ҳолат бўлмаган, дея қўшимча қилди.
«Энг асосийси, барча болаларни даволаш давлат назоратида. Соғайиш динамикаси ижобийлигича қолмоқда», — дея хулоса қилди Нурмат Отабеков.
Санитария қонунчилигини бузиш моддаси бўйича қўзғатилган жиноий иш доирасида етти киши қўлга олингани, жумладан, Shark Milk Product сут маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи компаниянинг уч нафар мансабдор шахси ва болалар боғчаларига озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берувчи учта аутсорсинг компанияси вакиллари борлиги ҳақида хабар берилган эди.