Шаҳарлараро рейсларда дам олишсиз ишлаган ҳайдовчилар жаримага тортилади

Олий Мажлис Сенати 2025 йил 4 сентябрдаги мажлисда халқаро ва шаҳарлараро ташишларда ҳайдовчиларнинг меҳнат ва дам олиш режими бузилганлиги, шунингдек, темир йўл транспорти ва метрополитенда хавфсизлик талабларига риоя қилмаганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи қонунни маъқуллади.

Ҳужжат билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга, шунингдек, «Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида»ги, «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги ҳамда «Транспорт тўғрисида»ги қонунларга тузатишлар киритилмоқда.

Қонун қабул қилингунга қадар Транспорт назорати инспекцияси қоидабузарликлар аниқланганда юридик шахсларга фақатгина кўрсатмалар бериш ҳуқуқига эга эди. Энди ташиш ҳажмларининг ўсиши муносабати билан меъёрлар кучайтирилмоқда.

Жумладан, 2023–2024 йиллар маълумотларига кўра, метрополитен орқали ташилган йўловчилар сони 172 миллиондан 270 миллион кишига, йўловчи поездлари орқали 9,3 миллиондан 10,07 миллионга ошган, автомобиль транспортида эса 8 миллиарддан ортиқ киши ташилган. Худди шу даврда темир йўл транспортида 102,7 миллион тонна, автомобиль транспортида эса 2 миллиард тоннадан ортиқ юк ташилган.

Кўрсаткичларнинг ўсишига қарамай, 2024 йилда темир йўл транспорти ва метрополитенда хавфсизлик қоидаларининг 130 та қўпол бузилиши ҳолати содир бўлган, бу эса қарийб 4 миллиард сўм миқдорида моддий зарар етказган. Бундан ташқари, тартибга солинмаган кесишмаларда поездлар ва автомобиллар иштирокида 38 та ЙТҲ қайд этилиб, уларда 11 киши ҳалок бўлган.

Шу муносабат билан темир йўл транспорти ва метрополитенда йўловчи, багаж ва юк багажини ташиш қоидалари, шунингдек, хавфсизлик талаблари бузилганлиги учун мансабдор шахслар ва ходимлар учун маъмурий жавобгарлик киритилмоқда. Бундай ҳолларда жарима 10 БҲМ (4,12 млн сўм) миқдорида белгиланади.

Қонунга кўра, йўловчи ва юкларни 400 кмдан ортиқ масофага ташишда ёки ҳайдовчининг иш сменаси 9 соатдан ошганда ҳайдовчиларнинг меҳнат ва дам олиш режимига риоя этилиши Транспорт назорати инспекцияси томонидан назорат қилинади.

Амалдаги қонунчиликда шаҳарлараро ва халқаро йўловчи ташишларни амалга оширувчи автобусларни ўчирилган тахограф (иш вақти, дам олиш вақти, тезлик ва масофани қайд этувчи назорат қурилмаси) билан бошқарганлик учун жавобгарлик назарда тутилган. Бироқ, тахограф маълумотлари асосида меҳнат ва дам олиш тартибини бузганлик учун жавобгарлик белгиланмаган.

Ўзгаришларга кўра, белгиланган меҳнат ва дам олиш тартибини бузган ҳайдовчилар етти базавий ҳисоблаш миқдорида (2,884 млн сўм) жаримага тортилади.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йилда Ўзбекистонда 9364 та ЙТҲ қайд этилган бўлиб, улардан 3045 таси (32,5%) юк машиналари ва йўловчи ташиш транспорт воситалари иштирокида содир бўлган. Аварияларнинг деярли ярми – 1592 таси – Damas иштирокида юз берган. 351 та ЙТҲда ҳайдовчилар рульда ухлаб қолган, натижада 189 киши ҳалок бўлган ва 285 киши тан жароҳати олган.