Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 27/09/2025

Владивостокда Ўзбекистон фуқаролари калтакланди ва ҳақоратланди. Бош консуллик ноталар юборди

Ўзбекистоннинг Владивостокдаги Бош консуллиги Ўзбекистон фуқароларининг калтакланиши ва ҳақоратланиши факти бўйича Россия расмийларига ноталар юборди. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош консули Юсуп Қобулжонов хабар берди.

2025 йил 15 сентябрь куни Экология вазири маслаҳатчиси, Қонунчилик палатасининг собиқ депутати Расул Кушербаев Бухоро вилояти аҳолиси бўлган ўзбекистонликларга қилинган ҳужум акс этган учта видеороликни эълон қилди.

Видеолардан бирида юзларини яширган ёшлар таксичига ҳужум қилишади, бошқасида эса улар бир кишини калтаклашга уриниб, миллий асосда ҳақорат қилишади ва таъқиб этишади. Учинчи видеода кадрда қурол пайдо бўлади, ҳужум қилганларнинг юзлари кўринади ва улардан бирининг исми айтилади.

Расул Кушербаевнинг ёзишича, ватандошлар Ўзбекистоннинг Владивостокдаги Бош консуллигига мурожаат қилишган, аммо уларга фақат Россия ички ишлар органларига мурожаат қилиш тавсия қилинган.

Юсуп Қобулжонов ўз хабарида вазиятдан хабар топгач, Бош консуллик ходимлари дарҳол жабрланганлар билан боғланиб, уларга зарур ҳуқуқий ёрдам кўрсатганини қайд этди.

«Фуқароларимиз Владивосток шаҳар ички ишлар бошқармасига расмий ариза билан мурожаат қилишди. Россия ТИВнинг Владивостокдаги ваколатхонаси ва Приморье ўлкаси прокуратурасига ушбу масалада барча тегишли чораларни кўриш зарурлиги тўғрисида ноталар юборилди», — деди у.

2025 йил сентябрь ойи бошида Ўзбекистон ТИВ Москва вилоятининг Химки шаҳрида таксичининг ҳақоратланиши ҳолати бўйича Россия ТИВга нота юборган эди.

2025 йил 16 сентябрь куни эрталаб Россия Тергов қўмитасининг Приморье ўлкаси бўйича бошқармаси 15 ёшли ўсмирлар ва бошқа шерикларга нисбатан РФ Жиноят кодексининг 213-моддаси 2-қисми (безорилик) бўйича жиноий иш қўзғатилганини маълум қилди. Улар 10 сентябрга ўтар кечаси Владивостокдаги Хабаровская кўчаси ҳудудида безорилик ҳаракатларини содир этишда гумон қилинмоқда.

«Тергов версиясига кўра, ўсмирлар маст ҳолатда, ҳеч қандай сабабсиз ва асоссиз равишда тўхтаб турган автомобилга зарар етказишган ва салонга аэрозолли баллон пуркашган. Шундан сўнг фигурантлар юк машинаси ҳайдовчисига ҳужум қилишган. Бундан ташқари, гумонланувчилар Хабаровская кўчасидаги туну кун ишлайдиган дўконга бостириб кириб, харидорлар ва сотувчи иштирокида бир кишига ҳужум қилишган. Кейинчалик фигурантлар такси ҳайдовчиси ва салонда бўлган йўловчига ҳужум қилишган. Бундан ташқари, вояга етмаганлар кўчада бақириб, тошлар ва бошқа қўлбола вомиталарни қурол сифатида ишлатиб, жамоат тартибини қўпол равишда бузган ҳолда бир кишига ҳужум қилишган», — дейилади хабарда.

Фигурантларнинг шахси аниқланган, улардан бири ҳибсга олинган, икки нафари қидирилмоқда. Хабарда таъкидланишича, «гумонланувчилар салбий тавсифланади ва аввал ҳам ҳуқуқ-тартибот органлари назоратига тушган». Улардан бири дўконда безорилик бўйича жиноий иш фигуранти ҳисобланади.