
Ўзбекистон саноати тарихида илк бор Устюрт ҳудудида 6500 метр чуқурликда қудуқ бурғиланди, натижада йирик табиий газ захиралари аниқланди. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев 2025 йил 15 сентябрь куни Бўстонлиқ туманида ўқитувчи ва мураббийлар билан учрашувида маълум қилди.
Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, авваллари нефть-газ соҳасидаги геология-қидирув ишлари фақат 2500-3000 метр чуқурликда олиб борилган.
«Бу йил саноатимиз тарихида биринчи марта Устюртда 6500 метр чуқурликда [қудуқ] бурғилаб, жуда йирик газ конини аниқладик», — деди.
Президент, шунингдек, Ўзбекистон теллур, литий, селен, графит, молибден, вольфрам, титан ва бошқа технологик минералларнинг катта захираларига эгалигини қайд этди. Баҳолашларга кўра, бундай ресурсларнинг жаҳон захираларининг 10-15% фоизи Ўзбекистонни ҳам ўз ичига олган Марказий Осиё минтақасида тўпланган.
«Бу улкан ресурсларни юқори қўшилган қийматли маҳсулотга айлантириш учун бизга авваламбор илм, билим ва инновациялар керак», — дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.
Мамлакатда «тўртинчи саноат инқилоби»га ўтиш доирасида кадрлар тайёрлаш кенгайтирилмоқда ва янги техник олий ўқув юртлари очилмоқда. Сўнгги 8 йилда олий таълим муассасалари сони 77 тадан 202 тага ўсди, талабалар сони эса 250 мингдан 1,5 миллионга етди.
Президентнинг сўзларига кўра, «таниш-билишчилик орқали ўқишга жойлаштириш» каби коррупцион ҳолатлар бутунлай бартараф этилган, ўқитувчиларнинг маошлари эса сезиларли даражада ошган.
Энергетика институтининг баҳолашига кўра, 2024 йил якунлари бўйича Ўзбекистондаги тасдиқланган табиий газ захиралари 1,97 триллион куб метрни ташкил этган. Шу билан бирга, сўнгги йилларда қазиб олиш ҳажми пасаймоқда – ўтган йил якунида 44,6 миллиард куб метр. 2019 йилга (59,4 миллиард) нисбатан пасайиш 14,9 миллиард куб метрни ташкил этди.
Шунинг фонида Ўзбекистон қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш ва Россия ҳамда Туркманистондан газ импортини оширишни бошлади.

