
Бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Англиянинг Ливерпуль шаҳрида 2025 йил 4-14 сентябрь кунлари бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни эгаллади. Бу ҳақда Миллий олимпия қўмитаси хабар берди.
Жаҳон чемпионатида 68 давлатдан 540 нафар спортчи иштирок этди. Мусобақа якунларига кўра, ўзбекистонликлар 11 та медал – 6 та олтин, 2 та кумуш ва 3 та бронза медалини қўлга киритишди.
Қўлга киритилган умумий совринлар сони бўйича энг кўп бўлишига қарамай, жамоа олтин медаллар сони бўйича Қозоғистондан (7−1−2) ортда қолди. Учинчи ўринни Ҳиндистон (2−1−1) эгаллади.
Шу билан бирга, турнирнинг эркаклар ўртасидаги якуний жадвалида биринчи ўринни Ўзбекистон (6−1−0) эгаллади. Иккинчи ўрин қозоғистонлик боксчиларда (4−0−0), учинчи ўрин эса Бразилияда (0−3−0) қолди.
Аёллар ўртасидаги медаллар ҳисобида Қозоғистон терма жамоаси биринчи ўринни (3−1−2) эгаллади. Иккинчи ўринни Ҳиндистон (2−1−1) банд этди. Учинчи ўрин Польшага (1−2−0) насиб этди.
Олтин медаллар:
- −60 кг: Абдумалик Халоков (икки карра жаҳон чемпиони бўлди);
- −65 кг: Асадхўжа Мўйдинхўжаев (икки карра жаҳон чемпиони);
- −75 кг: Фазлиддин Эркинбоев;
- −80 кг: Жавоҳир Умматалиев;
- −85 кг: Акмалжон Исроимов;
- −92 кг: Тўрабек Ҳабибуллаев.
Кумуш медаллар:
- −65 кг: Навбаҳор Ҳамидова;
- +92 кг: Жаҳонгир Зокиров.
Бронза медаллар:
- −48 кг: Сабина Бобоқулова;
- −51 кг: Феруза Казакова;
- −75 кг: Азиза Зокирова.
Чемпионатнинг сўнгги кунида +92 кг вазн тоифасидаги жанг ҳал қилувчи бўлди. Қозоғистонлик Айбек Оралбай Жаҳонгир Зокировни мағлуб этди, бу унинг терма жамоасига еттинчи олтинни олиб келди ва медалларнинг якуний жадвалида Ўзбекистонни ортда қолдириш имконини берди.
Қозоғистонлик боксчилар 8 та финалдан 7 тасида ғалаба қозонишди. Қозоғистонликларнинг ягона мағлубияти Назим Қизайбай 48 кг вазн тоифасида ҳиндистонлик спортчи Минакшига имкониятни бой берганда юз берди.
World Boxing — бу 2023 йилда боксни Олимпия ўйинлари дастурида сақлаб қолиш мақсадида ташкил этилган ёш халқаро федерациядир. У Халқаро бокс ассоциацияси (IBA, уни россиялик Умар Кремлёв бошқаради) ўрнига муқобил сифатида яратилган бўлиб, ХОҚ 2024 йилда бир қатор жанжаллардан сўнг уни тан олишдан бутунлай маҳрум қилган эди.

