
Ўзбекистонда аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш 2026 йил 15 январдан 28 февралгача бўлиб ўтади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида 2025 йил 11 сентябрь куни ўтказилган йиғилишда маълум қилинди.
Дастлабки 17 кун давомида маълумотлар интернет орқали йиғилади, кейинги бир ой ичида эса «маҳалла еттилиги» вакиллари иштирокида уй-ма-уй (хонадонларга ташриф) юриш орқали рўйхатга олиш ишлари олиб борилади, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.
«Янги формат харажатларни сезиларли даражада қисқартириш имконини беради — 1,3 трлн сўм тежалади. Жараён янада осон ва шаффоф бўлади, саволлар сони эса дастлаб режалаштирилган 328 тадан 71 тага қисқартирилади», — дейилади хабарда.
Рўйхатга олиш натижасида 2020 йил Европа статистиклари конференцияси тавсияларига мувофиқ, мамлакатнинг 38 миллион аҳолиси таркиби, миграция, оилавий аҳволи, бандлик турлари ва даромад манбалари ҳақида ягона маълумотлар базаси яратилади.
Қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланиш, чорва моллари ва паррандалар сони бўйича маълумотларга аниқлик киритилади. Президент матбуот хизматининг хабар беришича, бу ҳар йили соҳага ажратиладиган 25,6 трлн сўм, шу жумладан, 2,2 трлн сўм бюджет маблағларининг самарадорлигини баҳолаш, кўрсатилаётган хизматлар ҳажмини аниқлаш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш имконини беради.
Рўйхатга олиш ишларини олиб бориш учун «маҳалла еттилиги» вакиллари махсус дастур бўйича ўқитилади ва моддий рағбатлантирилади. Бунга Жаҳон банки кўмагида амалга оширилаётган статистик тизимни мустаҳкамлаш лойиҳаси маблағлари йўналтирилади.
Аҳолининг хабардорлигини ошириш мақсадида оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали махсус кўрсатув ва видеороликларни намойиш этиш орқали кенг кўламли ахборот кампанияси ўтказилиши белгиланган.
«Рўйхатга олиш демографик ва аграр соҳалардаги реал кўрсаткичларни аниқлаш имконини беради, бу давлат дастурларини манзилли ва самарали амалга ошириш учун катта аҳамиятга эга», — дейилади хабарда.
Рўйхатга олишни ўтказишда Жаҳон банки, UNFPA (БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси) ва FAO (БМТнинг Қишлоқ хўжалиги ташкилоти) кўмак беради.
Рўйхатга олиш 2022 йилдан бери кечиктириб келинаётганди
Ўзбекистонда охирги умумий аҳолини рўйхатга олиш 35 йилдан кўпроқ вақт олдин — 1989 йилда ўтказилган.
Президентнинг 2019 йил 5 февралдаги фармони билан аҳолини рўйхатга олишни 2022 йилда ўтказиш муддати белгиланган эди.
2020 йил март ойида давлат раҳбари «Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида»ги қонунни имзолади. Унда аҳолини рўйхатга олиш камида 10 йилда бир марта ўтказилиши белгиланган.
2020 йил ноябрь ойида ҳукумат қарори билан COVID-19 пандемияси туфайли рўйхатга олиш муддати 2023 йилга кўчирилди.
2021 йилда пилот (синов) рўйхатга олиш ўтказилди ва халқаро экспертларнинг тавсиялари олинди.
Қоғоз шаклидаги маълумотларни тўлдириш ва уларни электрон тизимларга ўтказиш шунчалик кўп вақт талаб қилгани учун миллий рўйхатга олишни ўтказиш учун қоғоз ташувчилардан воз кечишга қарор қилинган.
2022 йилда қишлоқ хўжалигини синов рўйхатга олиш ўтказилди.
2023 йилда режалаштирилган рўйхатга олиш 2024 йилдаги каби бўлиб ўтмади. «Тўлиқ кўламли рўйхатга олишни ташкил этиш халқаро тажрибани ўрганиш ва зарур чора-тадбирларни ишлаб чиқиш учун вақт талаб қилади, шу сабабли уни ўтказиш кечиктирилди», — дейилади президент матбуот хизмати хабарида.
2024 йилнинг март ойида Шавкат Мирзиёев 2025-2026 йилларда аҳолини рўйхатга олишни ташкил этиш ва натижаларни 2026-2027 йилларда эълон қилиш бўйича қарорни имзолади.
Қарорда Статистика агентлигига (ҳозирги Миллий статистика қўмитаси) 2025 йил охиригача қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш бўйича услубий ҳужжатларни ишлаб чиқиш топширилган. Бу мамлакат аграр секторининг ҳолатини — ер участкаларининг ўлчамлари, ер эгалиги, ердан фойдаланиш турлари, майдонлари, суғориш, чорва моллари, жалб қилинган ишчи кучи ва бошқа қишлоқ хўжалиги ресурсларини акс эттирувчи тадқиқот.