
Ўзбекистон Кариб денгизининг шарқий қисмидаги орол давлат — Сент-Люсия билан дипломатик муносабатлар ўрнатди, дея хабар бермоқда «Дунё» АА.
Бу ҳақда икки давлат ҳукуматлари номидан 2025 йил 10 сентябрь куни Нью-Йоркда Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили Улуғбек Лапасов ва Сент-Люсиянинг БМТдаги доимий вакили Менисса Рамбали томонидан Қўшма коммюнике имзоланди.
Томонлар сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорлик йўналишларини топиш учун алоқаларни фаоллаштиришга келишиб олдилар, дейилади хабарда.
Сент-Люсия Ўзбекистон билан дипломатик муносабатлар ўрнатган 163-давлат бўлди. 2025 йил июль ойида Ўзбекистон Эритрея билан дипломатик алоқалар ўрнатган эди.