
Нукусдаги дала ўқув майдонида 2025 йил 10 сентябрь куни амалий машғулотлар ўтказиш вақтида «кичик портлаш» содир бўлди. Бу ҳақда ЎзА Ўзбекистон Миллий гвардияси матбуот хизматига таяниб хабар берди.
Идоранинг маълумотига кўра, портлаш ўқув мақсадлари учун мўлжалланган махсус портловчи қурилманинг детонацион шнурининг ишлаб кетиши натижасида содир бўлган.
Натижада машғулотларда иштирок этган 10 нафар ҳарбий хизматчи турли даражада тан жароҳати олди. Улардан 8 нафари касалхонага ётқизилган.
«Барча жабрланганларга ўз вақтида биринчи тиббий ёрдам кўрсатилди. Ҳозирда кўрилган чора-тадбирлар туфайли уларнинг соғлиғи тикланмоқда», — дейилади хабарда.
Мазкур ҳолат юзасидан хизмат текшируви тайинланган, масъул раҳбарлар томонидан текширув ўтказилмоқда.