
Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ижтимоий тармоқларда тарқалган Gentra ва BYD автомобиллари ҳайдовчилари ўртасидаги можаро юзасидан изоҳ берди.
Ҳодиса пойтахтнинг Яккасарой туманидаги Муқимий кўчасида содир бўлган. Тергов маълумотларига кўра, Gentra ҳайдовчиси ҳомиладор рафиқаси билан кетаётган вақтида у билан BYD ҳайдовчиси ўртасида йўл можароси юзага келган.
«Мен ўнг қаторда кетаётгандим ва чапга ўтмоқчи бўлдим, бурилиш чироғини ёқдим. Орқадан BYD яқинлашиб келаётганди, лекин мен унга халал бермадим, хотиржам кетавердим. У орқадан яқинлашиб, сигнал чала бошлади, ваҳима қўзғади. Шу пайт ҳомиладор рафиқамнинг мазаси қочди. У секинроқ юришни сўради, мен тезликни пасайтирдим. Шундан сўнг BYD яна орқадан тиқилинч қилиб яқинлаша бошлади. Мен ўнгга ўтдим, шунда у йўлимни тўсиб қўйди», — деди Gentra ҳайдовчиси.
Унинг сўзларига кўра, шундан сўнг BYD ҳайдовчиси ва унинг отаси машинадан тушиб, Gentra’нинг ойналарини синдирган ва уни калтаклаган. Жабрланувчи уларга хотинининг ҳомиладорлиги ҳақида айтса ҳам, улар калтаклашни давом эттиришган.
«У мени йўлига ғов бўлган, деб айтяпти, лекин ундай эмас. Агар шундай қилган бўлсам ҳам, минг марта узр сўраб кетардим. У эса шунчаки келиб ура бошлади. Бирор сўз айтишимга имкон бермади», — дея қўшимча қилди Gentra ҳайдовчиси.
ИИББ матбуот хизмати ҳужум қилганлар йўл ҳаракати қоидаларини бузгани, атайлаб тирбандлик ҳосил қилгани, машинага зарар етказгани, куч ишлатгани ва уятсиз сўзларни ишлатганини аниқлади.
BYD ҳайдовчиси ўз айбига иқрор бўлиб, шундай деди: «Муқимий кўчасидан чиқаверишда у бироз йўлимни тўсди. Натижада кичик тушунмовчилик юзага келди. Мен машинада аёл борлигини билмасдим. Аёлдан, оиладан ва бутун Ўзбекистон халқидан узр сўрайман. Қилган ишимдан афсусдаман».
ИИББ маълумотларига кўра, Gentra ҳайдовчисининг рафиқаси энг кўп жабрланган — ҳодисадан кейин унинг ҳомиласи тушган.
«Рафиқамнинг ҳам қўллари шишган. Кимдир қош соҳасига қаттиқ зарба берган, аниқ билмайман. Кўкармаган, лекин оғрияпти. Унинг ҳомиласи тушди. Ҳозир аҳволи ёмон. Хотинимдан ташқари, уйдагиларнинг ҳаммасининг аҳволи яхши эмас, чунки бу стрессли вазият бўлди. Қонуний чора кўришингизни сўрайман», — деди жабрланувчи.
BYD ҳайдовчиси ва унинг отасига нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми «б» банди (безорилик, бир гуруҳ шахслар томонидан содир этилган бўлса / 300 соатдан 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади) бўйича жиноят иши қўзғатилди.
Ҳомила тушиши сабабларини аниқлаш учун суд-тиббий экспертиза тайинланди. Экспертиза натижаларига кўра, гумонланувчиларнинг ҳаракатларига қўшимча ҳуқуқий баҳо берилади, дея хабар берди идора.