
Марказий банк Бошқаруви 2025 йил 11 сентябрдаги йиғилишда асосий ставкани йиллик 14% даражасида ўзгаришсиз қолдиришга қарор қилди, дея хабар берди регулятор матбуот хизмати.
Марказий банкнинг қайд этишича, иккинчи чоракда юқори иқтисодий фаоллик ва истеъмол талаби нархларга таъсир кўрсатишда давом этди. Бироқ, август ойидан бошлаб, ўтган йилги базавий самаралар тугагандан сўнг, инфляция пасая бошлади.
Август ойида йиллик инфляция бир ой аввалги 9%га нисбатан 8,8%ни ташкил этди. Базавий инфляция озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат товарлари нархлари ўсишининг секинлашиши ҳисобига 7,6%гача қисқарди.
Шу билан бирга, Марказий банкнинг таъкидлашича, сақланиб қолаётган юқори умумий талаб ва энергия ташувчилар (газ, электр энергияси) нархларининг ўсиши хизматлар секторида юқори инфляцияни шакллантиришда давом этмоқда. Сўнгги ойларда инфляцион кутилмаларнинг пасайишига мавсумий омиллар ва алмашув курсининг барқарорлиги таъсир қилди, гарчи кутилмалар ҳали ҳам амалдаги кўрсаткичлардан юқори бўлса-да.
Биринчи ярим йилликда иқтисодий ўсиш 7,2%гача тезлашди. Хизматлар соҳасидан ташқари, саноат, қурилиш ва қишлоқ хўжалиги ҳам юқори суръатларни кўрсатди. Чегаралараро пул ўтказмалари, кредитлашнинг тезлашиши, бюджет харажатларининг кўпайиши ва инвестиция фаоллиги умумий талабнинг ўсишидаги муҳим омиллар бўлди.
Регулятор ташқи таваккалчиликларни ҳам қайд этди. Глобал инфляциянинг секинроқ пасайиши, озиқ-овқат нархларининг ўсиши ва асосий савдо ҳамкор давлатларда инфляцион таргетларнинг ошиши импорт нархларига босимни кучайтириши мумкин.
Марказий банк прогнозларига кўра, 2025 йил якунида инфляция тахминан 8,7%ни ташкил этади. Бу биринчи чорак якунлари бўйича аввалги 8% ва йил бошидаги 7-8%лик прогнозлардан юқори.
Марказий банк нисбатан қатъий пул-кредит сиёсатини сақлаб қолиш жамғармалар жозибадорлигини, кредитлашнинг мутаносиблигини ва пул бозоридаги ресурслар нархининг барқарорлигини таъминлаш учун зарурлигини таъкидлади. Бу «умумий талабни мувозанатлашга ва инфляцияга монетар омиллар таъсирини камайтиришга» ёрдам бериши керак.
«Умумий инфляциянинг барқарор пасайиш траекториясига ўтиш жараёни маълум бир вақтни талаб қилади. Агар яқин ойларда нархларга босим кутилганидан юқори бўлиши хавфи ва асослари пайдо бўлса, пул-кредит шароитларининг қатъийлиги қайта кўриб чиқилиши мумкин», — дейилади хабарда. Яъни, регулятор асосий ставкани оширишни истисно қилмади.
Марказий банк Бошқарувининг асосий ставка бўйича навбатдаги йиғилиши 2025 йил 23 октябрга белгиланган.