
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) маълумотларига кўра, дунёда болалар ва ўсмирлар орасида семизлик даражаси илк бор оғирлик етишмаслиги даражасидан ошиб кетди. Бу ҳақда ташкилот ҳисоботида айтилади.
Сўнгги маълумотларга кўра, 5 ёшдан 19 ёшгача бўлган ҳар бешинчи бола ёки ўсмир — бутун дунё бўйича 391 миллион бола — ортиқча вазнга эга. Уларнинг аксарияти семизликдан азият чекади. Шу билан бирга, даромади паст ва ўртача бўлган мамлакатларнинг кўпчилигида 5 ёшгача бўлган болалар орасида тўйиб овқатланмаслик жиддий муаммо бўлиб қолмоқда.
Ҳисобот 190 дан ортиқ мамлакат маълумотларини ўз ичига олган. Тадқиқотчиларнинг аниқлашича, 5 ёшдан 19 ёшгача бўлган болалар орасида оғирлик етишмаслиги 2000 йилдан бери 13%дан 9,2%гача камайган бўлса, семизлик кўрсаткичлари 3%дан 9,4%гача ошган.
Ҳисоботда қайд этилишича, бугунги кунда Саҳрои Кабирдан жанубдаги Африка мамлакатлари ва Жанубий Осиёдан ташқари дунёнинг барча минтақаларида семизликнинг тарқалиши оғирлик етишмаслигидан ошиб кетган.
Болалар ва ўсмирлар орасида семизликнинг дунёдаги энг юқори даражаси Тинч океанидаги орол давлатлари — Ниуэ (38%), Кук ороллари (37%) ва Науруда (33%) кузатилмоқда. Тадқиқотчиларнинг фикрига кўра, бундай кўрсаткичлар анъанавий парҳезлардан арзон ва юқори калорияли импорт маҳсулотларига ўтиш билан боғлиқ.
ЮНИСЕФ вакилларининг таъкидлашича, болаларнинг ўсиши, билиш қобилияти ва руҳий саломатлигида овқатланиш муҳим ўрин тутган бир пайтда, ультра қайта ишланган маҳсулотлар тобора кўпроқ мева, сабзавот ва оқсиллар ўрнини эгалламоқда.
ЮНИСЕФ болаларнинг овқатланиш рационини яхшилаш учун, жумладан, озиқ-овқат маҳсулотларини маркировка қилиш, айрим маҳсулотлар маркетингини чеклаш, шунингдек, ультра қайта ишланган маҳсулотлар ва зарарли овқатларни мактабларда сотишни тақиқлаш чораларини жорий этишга чақирди.