
UzAuto Motors компанияси яқин келажакда бозорга 8 та янги моделни олиб чиқишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда UzAuto Motors бош директори Янош Ковач «Sherzodxon Qudratxo‘ja bilan…» лойиҳасига берган интервьюсида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон бозори «тўлиқ бозор иқтисодиёти»га ўтмоқда.
«Бу шуни англатадики, харидорда танлов пайдо бўлди. Бу ерда 15 йил олдин ишлаганимда, вазият бутунлай бошқача эди. Ҳозирда бозор анча хилма-хил бўлди. Хитой ва Корея автомобиллари кирмоқда. Янги брендлар ва моделлар пайдо бўлмоқда. Рақобат биз учун қийинчиликлар туғдирса ҳам, харидор учун бу фойдали», — деди Ковач.
У соҳадаги технологиялар ҳам тез суръатлар билан ривожланаётганини, бозорга тобора кўпроқ электромобиллар кириб келаётгани ва уларга истеъмолчилар талабгор эканлигини таъкидлади.
«Рақобат нафақат ички, балки ташқи бозорда ҳам — масалан, Қозоғистон, Озарбайжон ва бошқа мамлакатларда кучаймоқда. Ҳар бир компания ҳар бир харидор учун курашмоқда. Шунинг учун биз ҳам стратегияни ўзгартиришимиз, BYD, Kia, Hyundai, Haval каби компаниялар билан рақобатлашишга тайёр туришимиз керак. Бу биз учун катта чақириқдир», — деди бош директор.
Ковачнинг сўзларига кўра, UzAuto Motors яқин йилларда модель қаторини, айниқса, SUV (спорт-утилитар автомобили) сегментида кенгайтиради.
SUVга мисоллар: Chevrolet Equinox, Hyundai Tucson, Kia Sportage, Toyota RAV4, Volkswagen Tiguan.
«Биз модель қаторимизни, айниқса, катта имкониятларга эга SUV сегментида кенгайтирмоқдамиз. Ҳозирда бозорда тез орада тақдим этиладиган 8 та янги моделни ишлаб чиқяпмиз», — деди.
Компания раҳбари, шунингдек, экспорт стратегияси асосий йўналиш бўлиб қолаётганини ва жорий йилдаёқ UzAuto Motors хорижга 23 мингта автомобиль етказиб берганини таъкидлади.
«Биз Марказий Осиё бозорларига — Қозоғистон, Туркманистон, Озарбайжон, Тожикистонга чиқмоқдамиз. Шунингдек, Мўғулистон ва Грузия каби янги бозорларни ҳам ўрганмоқдамиз», — дея маълум қилди Янош Ковач.
Cobalt янгиланиши
UzAuto Motors бош директорининг савдо ва автосервис бўйича ўринбосари Вадим Артамонов компания ўзининг флагман модели — Chevrolet Cobalt’нинг янгиланган талқинини тайёрлаётганини маълум қилди, унинг ишлаб чиқарилиши сўнгги ойларда пасайган.
«Биз флагманимизни, яъни Chevrolet Cobalt асосий моделини жиддий янгилашга тайёрланмоқдамиз. Яқин келажакда ушбу модель мижозларга тақдим этилади. Автомобиль замонавий бозор талабларига мувофиқ бир қатор опцияларга эга бўлади», — деди.
Шунингдек, унинг сўзларига кўра, UzAuto Motors Хоразм вилоятидаги Damas ишлаб чиқариш заводи базасида ишлаб чиқариладиган янги тижорат минивэни моделини ишлаб чиқмоқда. Ушбу моделнинг йирик узелли йиғиш ишлари 2026 йилга режалаштирилган.
2025 йилнинг май ойида президент Евро-5 стандартидаги 7 ўринли автомобиллар ишлаб чиқаришга 100 млн доллар сармоя киритиш режалаштирилаётганини маълум қилган эди.
Эслатиб ўтамиз, UzAuto Motors’нинг биринчи ярим йилликдаги соф фойдаси 27,5%га камайди. Асосий пасайиш биринчи чоракда кузатилди, аммо иккинчи чоракда автоишлаб чиқарувчи йўқотишларни қисман қоплади. Савдоларнинг пасайиши фонида компаниянинг бозордаги улуши қисқарди, ADM Jizzakh ва BYD эса ўз позицияларини мустаҳкамлади.