
Тошкентнинг Сергели туманида 3.5 йил олдин 3 ёшли қизини ҳайвонот боғидаги айиқ вольерига ташлаган она уни пичоқлаб ўлдирди. Бу ҳақда «Миллий» телеканалининг «Millar» дастури хабар берди.
Хабар қилинишича, 34 ёшли Зилола Тўлаганова қизига ошхона пичоғи билан жароҳат етказган, қиз воқеа жойида вафот этган. Қиз етти ёшда эди.
Аёл фарзандлари билан яшайдиган маҳалла вакилининг сўзларига кўра, 2025 йил август ойида у психоневрологик шифохонада даволаниб, шифокорлар амбулатория шароитида даволанишни тайинлаган. У шаҳар 2-сонли психоневрологик диспансерида рўйхатда туради.
«Биз «маҳалла еттилиги» билан унинг уйига бордик, ўрганиш, суҳбат ўтказдик. Аёлнинг ҳолати яхши эди, саволларга тўғри жавоб берди. Унинг 2 фарзанди бор: бир қиз ва бир ўғил. Биз буни кутмаган эдик», — деди маҳалла вакили. У айнан шу аёл олдин қизини айиқ вольерига ташлаганини тасдиқлади.
Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) бўйича жиноят иши қўзғатилгани, аёл ҳибсга олинганини маълум қилди.
2022 йил 28 январь куни аёл ўғлининг кўз ўнгида қизини Тошкент ҳайвонот боғидаги айиқ вольерига қарийб 5 метр баландликдан ташлаб юборган. Бола йиқилиш оқибатида жароҳат олган. Айиқ уни ҳидлаб, четга чиққан, шундан сўнг қизни ҳайвонот боғи ходимлари олиб чиқишган.
Ўшанда онага нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «в» банди 25-модда орқали (оғирлаштирувчи ҳолатларда қасддан одам ўлдиришга суиқасд, яъни айбдорга аён бўлган ожиз аҳволдаги шахсни) жиноят иши қўзғатилган эди. Кейинги воқеалар қандай ривожлангани ҳақида маълум қилинмаган.