Ўзбекистон 12 йиллик мактаб таълими тизимига ўтади

Мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари Сардор Ражабов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида мамлакатда 12 йиллик умумий ўрта таълим тизимига ўтишга тайёргарлик бошланганини маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, гап деярли 100% болаларни қамраб олган тайёрлов гуруҳларини босқичма-босқич мактаб таълими тузилмасига киритиш ва миллий тизимни халқаро стандартларга яқинлаштириш ҳақида кетмоқда.

«Бу босқични мактаб тизимига киритиш ва 12 йиллик таълимга ўтиш вазифаси қўйилди», — деди вазир ўринбосари.

Ражабов бу таълим сифатини ошириши, шунингдек, хорижий университетларга ўқишга кираётган абитуриентлар учун мавжуд тўсиқларни бартараф этиши кераклигини таъкидлади.

«Бугунги кунда хорижий университетларга ўқишга киришда битирувчиларимиз бир йиллик тайёрлов курсларидан (foundation courses) ўтишга мажбур бўлмоқда, бу эса бир йил йўқотишга олиб келмоқда. Агар биз қонунчиликка 12 йиллик тизимни жорий қилсак, унда битирувчиларимизга қатор давлатларда foundation курсидан ўтиш талаб этилмайди ва улар бакалавриатга тўғридан-тўғри кириш имкониятига эга бўлади», — деди вазир ўринбосари.

Асосланиш

Президент фармонига илова қилинган тушунтириш хатида Ўзбекистонда мактаб таълими муддати халқаро амалиёт ва хорижий стандартларга мос келмаслиги қайд этилган. Амалдаги тизимда ўқувчиларни тизимли ўқитиш ва битирувчиларни олий ўқув юртларига киришга тайёрлаш учун аниқ механизмлар мавжуд эмас. Натижада ҳар йили 15 мингга яқин битирувчи хорижда қўшимча бир йил ўқишга (foundation курслари) мажбур бўлмоқда.

Таҳлилларга кўра, 2022 йилда PISA халқаро мактаб ўқувчилари тадқиқотида энг юқори натижаларни кўрсатган 20 та давлатнинг 85%да мактаб таълими муддати 12 йилни ташкил этган. Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистонда ҳам 12 йиллик мактаб таълими тизимига ўтиш режалаштирилган.

Ўтиш доирасида ҳозирда мавжуд бўлган 6 ёшли болалар учун бир йиллик тайёргарлик бошланғич таълим тузилмасига киритилади. Бунинг учун 3666 та мактаб ва 1013 та давлат мактабгача таълим муассасасида янги тизим бўйича тайёрлов синфлари ташкил этилади. Бошланғич таълим мутахассисларини тайёрлаш дастурлари тайёргарлик босқичига мос мазмун билан тўлдирилади.

Ушбу ўзгаришларни амалга ошириш учун «Таълим тўғрисида»ги ва «Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида»ги қонунларга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилади.

Натижада Ўзбекистонда 12 йиллик таълимнинг қуйидагича тузилмаси таклиф этилмоқда:

  • 1 йиллик тайёргарлик босқичи ва 4 йиллик бошланғич таълим;
  • 5 йиллик умумий ўрта таълим (5−9 синфлар);
  • 2 йиллик умумий ўрта таълим (мактаблар, академик лицейлар, ҳарбий мактаблар ёки техникумларда).

Бу Ўзбекистон таълим тизимини ЮНЕСКОнинг халқаро стандартларига (ISCED-2011) мослаштириш имконини бериши кутилмоқда.