Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 16/09/2025

Тошкент метрополитени 2025 йил охиригача кассирлардан бутунлай воз кечади

Тошкент метрополитени 2025 йил охиригача кассирлар ва катта операторлар хизматидан бутунлай воз кечишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда корхона матбуот хизмати хабар берди.

«Йил охирига қадар метрополитеннинг барча станцияларида автоматлаштирилган банкоматларни ўрнатиш режалаштирилган. Натижада Тошкент метрополитенида кассир ва катта кассир лавозимларига эҳтиёж қолмайди ва мазкур лавозимлар тўлиқ тугатилади», — дейилади хабарда.

Бугунги кунда 204 нафар кассир аллақачон қисқартирилган. «Тошкент метрополитени» ДУК маъмурияти лавозими қисқартирилаётган ходимларни қўллаб-қувватламоқчи эканини билдирди.

«Лавозими қисқартирилиши лозим бўлган ҳар бир ходимга ўз хоҳиш ва имкониятларидан келиб чиқиб, қайта тайёрлаш курсларида иштирок этиш таклиф этилади. Улар бухгалтерия, тикувчилик, қандолатчилик ва бошқа йўналишлардан бирини танлашлари мумкин бўлади. Энг муҳими, мазкур ўқув курслари тўлови белгиланган тартибда «Тошкент метрополитени» ДУК томонидан тўлиқ қоплаб берилади», — дея аниқлик киритди матбуот хизмати.

Бугунги кунда Тошкент метрополитенида йўловчилар учун кассаларда йўл ҳақини тўлашнинг 10 дан ортиқ тури амал қилади. Бир қатор станцияларда қоғоз QR-чипталарни сотиб олиш учун банкоматлар аллақачон ўрнатилган.

2025 йил июль ойида 13 та метро бекатида кассаларнинг бир қисми ёпилганди. Тошкент метрополитени буни қоғоз чипталар билан йўл ҳақи тўлаш улуши кескин камайгани билан изоҳлади.