Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари 50 млрд доллардан ошди — бу тарихий рекорд

Марказий банк маълумотларига кўра, Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари 2025 йил 1 сентябрь ҳолатига кўра 50,09 млрд долларни ташкил этди. Бу 2013 йилдан буён статистика юритила бошлаганидан бери тарихий рекорддир.

2025 йил август ойи якунлари бўйича захиралар 1,34 млрд долларга (+2,7%) ошди. Йил бошидан бери ўсиш 8,9 млрд долларни (+21,6%) ташкил этди.

Ўсишга яна асосий ҳиссани олтин қўшди, унинг жаҳон бозоридаги нархи 3500 доллардан ошди (2025 йил сентябрда эса 3600 долларлик кўрсаткичдан ўтди). Регулятор маълумотларига кўра, бир ой ичида олтин нархининг 3306,8 доллардан 3407,5 долларгача ўсиши самараси 1,2 млрд долларни ташкил этган.

Йил бошидан буён қимматбаҳо металл АҚШ президенти Дональд Трампнинг савдо сиёсати, сўнгра АҚШ Федерал захира тизими (ФЗТ) ставкасининг пасайиши ва Трампнинг ФЗТ мустақиллигига тажовузи фонида энг даромадли активлардан бирига айланди.

Захиралардаги қимматбаҳо металлнинг физик ҳажми 11,8 миллион унцияга (367 тонна) етди. Натижада қимматбаҳо металлар қиймати 1,38 млрд долларга ошиб, 40,06 млрд долларни ташкил этди. Бу кузатувлар давомидаги энг юқори кўрсаткич.

Захираларнинг валюта қисми 49,2 млн долларга камайиб, 9,45 млрд долларни ташкил этди.

Захиралардаги қимматли қоғозлар ҳажми 1,02 млрд долларга (+4,2 млн доллар) ошди.

Марказий банкнинг олтин-валюта захиралари миллий иқтисодиёт ва молия тизими барқарорлигини сақлашда ҳал қилувчи рол ўйнайди. Улардан миллий валютанинг курси кескин тебранишлар содир бўлган ҳолатда унинг барқарорлигини сақлаб туриш, кредиторлар олдидаги ташқи мажбуриятларни тўлаш, инқирозли вазиятларда импортни қоплаш, шунингдек, ташқи иқтисодий хатарлардан суғурта сифатида фойдаланиш мумкин.

Захиралар ташқи зарбалардан, масалан, экспорт қилинадиган товарлар нархининг кескин ўзгариши, халқаро санкциялар, глобал молиявий инқирозлар ёки валюта бозорларидаги тебранишлардан ўзига хос «хавфсизлик ёстиғи» ҳисобланади.