Сурхондарё дарёси қирғоқларида турар-жой мажмуаси ва сайр қилиш зонаси қурилади. Лойиҳа 50 млн долларга баҳоланмоқда

Термиз туманида, Сурхондарё дарёси қирғоқларида 20 гектар майдонда қиймати 50 млн долларлик Obi hayot park турар-жой ва бизнес мажмуаси қурилиши бошланди, дея хабар беради вилоят ҳокимлиги. Лойиҳага биринчи тамал тошини қўйиш маросимида вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов иштирок этди.

Хабарда айтилишича, 42 та турар-жой ва нотурар-жой объектлари, жумладан, биринчи икки қаватини савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, учинчи ва бешинчи қаватларини эса квартиралар эгаллайдиган кўп қаватли уйлар қурилиши режалаштирилган.

Шунингдек, ҳар бири 250 ўринли 2 та меҳмонхона, ресторанлар, кафелар, фитнес-клублар, кўнгилочар масканлар ва туну кун ишлайдиган туристик кўчалар ташкил этиш режа қилинган.

Эълон қилинган эскизларда дарё ўзанини текислаш ва бетонлаш, сайр қилиш соҳили ва бир нечта пиёдалар кўпригини қуриш режалаштирилгани кўриниб турибди.

«Дарёнинг табиий оқими сақланиб қолади, барча хавфсизлик шароитлари таъминланади, қирғоқлар мустаҳкамланади», — дейилади хабарда.

«Лойиҳанинг амалга оширилиши ҳудуд инфратузилмаси ва меъморий қиёфасини яхшилабгина қолмай, аҳоли фаровонлигининг ошишига ва иқтисодий барқарорликнинг мустаҳкамланишига хизмат қиладиган кўплаб янги иш ўринларини яратади», — дейишди ҳокимликда.

Вилоятдаги сув ҳавзалари қирғоқларидаги бўш майдонлардан самарали фойдаланиш бўйича лойиҳалар аҳоли ва сайёҳлар учун қулайлик яратиш, инвестицияларни жалб қилиш ва маҳаллий иқтисодиётни ривожлантиришга қаратилгани қайд этилган.

2025 йил август ойида Жанубий Сурхон сув омбори қирғоғида 15,7 гектар майдонда қиймати 140 миллиард сўмлик экотуристик мажмуа қурилиши бошланган эди.

Тошкент вилоятидаги Паркентсой сойи ўзанини торайтириш лойиҳаси ҳақида хабар берилган эди, у ерда сайр қилиш зоналари ва турар-жой мажмуаси қурилмоқда. Ёзда қурилиш майдонига президент Шавкат Мирзиёев ташриф буюрган.

Тошкентда Чирчиқ дарёси қирғоқларининг бир қисмини торайтириш ҳисобига 400 гектар ерни бўшатиш режалаштирилган эди. Бу ҳудудда дам олиш масканлари, турар-жой бинолари, савдо марказлари, мактаблар, фабрикалар ва бошқа объектлар қуриш таклиф этилмоқда.