Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Авто 09/09/2025

Ўзбекистонда ЙТҲларни 3D-моделлаштириш жорий этилади

Президент Шавкат Мирзиёев 2025 йил 5 сентябрь куни суд экспертизасини ривожлантириш масаласини муҳокама қилди.

Ҳозир Хадича Сулаймонова номидаги Марказда 64 турдаги экспертиза ўтказилмоқда, бироқ ҳудудларда уларнинг фақатгина ярми мавжуд. Режаларга кўра, ҳудудий базани кенгайтириш, экспертиза турларини 15 тадан 25 тагача ошириш, ЙТҲларни 3D-моделлаштиришни, видео- ва фототехника экспертизаларини жорий этиш, шунингдек, суриштирув органлари ва эксперт муассасалари ўртасида тўлиқ электрон ҳужжат алмашинувига ўтиш кўзда тутилган.

Давлат раҳбари нодавлат суд экспертизасини ривожлантириш, алоҳида мустақил бюролар ва Ўзбекистон суд экспертлари палатасини ташкил этиш таклифларини қўллаб-қувватлади.

Адлия вазири Акбар Тошқулов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида суд-эксперт муассасаларини ривожлантириш судловни таъминлашдаги муҳим йўналишлардан бири эканини айтди.

Унинг сўзларига кўра, ишларни тергов қилиш ва кўриб чиқишда айнан суд эксперти хулосаси тор доирадаги масалалар бўйича асосий далил бўлади.

«Эртага кимдир жавобгарликка тортилганда ёки ҳуқуқий масала ҳал этилаётганда айнан эксперт хулосаси ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади. Эксперт муассасалари, уларнинг моддий-техник базаси ва дастурий таъминотини ривожлантирмасдан бунга эришиб бўлмайди», — дея таъкидлади Ташкулов.

Унинг қўшимча қилишича, президент топшириғига кўра, қарорда катта ҳажмдаги ускуна ва дастурий таъминот сотиб олиш бўйича чора-тадбирлар аллақачон акс этган.

Вазирнинг сўзларига кўра, узоқ вақт давомида муаммолардан бири йўл-транспорт ҳодисалари билан боғлиқ ишлар бўйича экспертизаларда эскирган методология бўлиб қолган.

«Кўпгина фуқароларимиз эксперт хулосасини ололмасди, чунки экспертиза эски методологиялар бўйича ишларди. Эндиликда эса янги технологиялардан фойдаланган ҳолда воқеа-ҳодисани саноқли дақиқаларда 3D-форматга ўтказиш мумкин. Электрон тизимлар махсус дастурлар ёрдамида вазиятни мустақил равишда визуаллаштириб, ечим таклиф қилади», — деди.

Тошқулов бу эксперт хулосаларининг ишончлилиги даражасини сезиларли даражада оширишини таъкидлади.

Ҳудудларда кўпроқ имкониятлар

Вазир суд экспертизасининг марказлашгани муаммосига ҳам эътибор қаратди.

«Кўплаб терговчилар мураккаб турдаги экспертизалар учун Тошкентга келишга ёки материалларни пойтахтга юборишга мажбур. Бу эса муайян инсон тақдири билан боғлиқ. У хулосани кутаётган пайтда ҳибсда ёки бошқа вазиятда бўлиши мумкин», — дея қайд этди.

Шу боис, унинг сўзларига кўра, идоралар ўртасида электрон маълумот алмашинувини таъминлаш муҳим, бу биринчидан, жараённи тезлаштиради, иккинчидан, жойларда экспертизани ривожлантириш имконини беради.

«Ҳудудларнинг ўзида ўтказиладиган суд экспертизаси турлари сонини кўпайтириш, маҳаллий лабораториялар ташкил этиш вазифаси қўйилди. Аниқ дастурлар ишлаб чиқилган, бу эса суд экспертизаси жойларда ҳам ривожланишини англатади», — дея сўзини якунлади Адлия вазирлиги раҳбари.

Бундан ташқари, президент давлат хизматларидан фойдаланишни соддалаштириш бўйича қатор бошқа чора-тадбирларни ҳам қўллаб-қувватлади. Ўзбекистонда нотариал хизматларни олишда мажбурий паспорт тақдим этиш талаби бекор қилинади — идентификация Face-ID ёрдамида амалга оширилади. ФҲДЁ органлари никоҳга кирувчилардан тиббий маълумотнома талаб қилмайди, ҳарбий комиссарликлар эса яшаш жойи ўзгарганлиги тўғрисидаги ҳужжатларни сўрамайди.