Алексей Ерхов Россиянинг Ўзбекистондаги янги элчиси этиб тайинланди

Россия президенти Владимир Путин 2025 йил 5 сентябрдаги фармони билан Россиянинг Ўзбекистондаги янги элчисини тайинлади. Бу лавозимга 2017 йилдан буён Россиянинг Туркиядаги элчиси лавозимида ишлаб келган Алексей Владимирович Ерхов тайинланди.

Алексей Ерхов 1960 йилда туғилган, Москва давлат халқаро муносабатлар институтини тамомлаган.

Дипломатик фаолиятини 1983 йилдан бошлаган. Марокаш (1983−1987 йиллар), Миср (1990−1994 йиллар), Исроил (1996−2000 йиллар) мамлакатларидаги элчихоналарда ишлаган.

2003−2006 йилларда Россиянинг Суриядаги элчихонасида маслаҳатчи-элчи, 2009−2015 йилларда эса Россиянинг Истанбулдаги бош консули бўлган.

2015−2017 йилларда Россия Ташқи ишлар вазирлигининг Вазиятли-инқироз маркази департаменти директори лавозимида ишлаган.

Россиянинг 2021 йил март ойидан буён Ўзбекистондаги элчиси бўлиб ишлаб келган собиқ элчи Олег Мальгинов июнь ойида ўз миссиясини якунлаган эди.