
2025 йилда Ўзбекистонда олий ўқув юртларига кириш имтиҳонлари натижаларига кўра, абитуриентларнинг қарийб 41,3% ўтиш балини тўплай олмаган. Бунга ЎзА бош директорининг биринчи ўринбосари, юрист ва блогер Хушнудбек Худойбердиев эътибор қаратди.
Маълумотларга кўра, 2025 йилда 614,77 минг нафар абитуриент имтиҳон топширган. Бу 2024 йилга нисбатан 122 мингтага кам (737 351 киши). Тест топширганларнинг 253,8 минг нафари (41,3%) ҳатто 56,7 баллни ҳам (максимал балнинг 30%) — минимал ўтиш чегарасини тўплай олмаган. 56,7 баллдан юқори балл тўплаган абитуриентлар сони 360,9 минг нафарни (58,7%) ташкил этди.
Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 5,6% пунктга яхшиланди. Ўтган йили 56,7 балл тўплай олмаган абитуриентлар улуши қарийб 47% эди.
Бу йил энг ёмон натижа Андижон вилоятида қайд этилди — абитуриентларнинг 47,6%и ўтиш балини тўплай олмаган. Тошкент ва Бухоро вилоятида натижалар нисбатан яхшироқ — 31,4%.
Ўтган йили 4 та ҳудудда абитуриентларнинг 50% дан ортиғи 56,7 баллдан паст балл олган эди. Бу йил барча вилоятларда бу кўрсаткич 50% дан пастга тушди.
2024 йилга нисбатан натижалари яхшиланган бешта ҳудуд:
- Қорақалпоғистон — 9% пункти;
- Навоий вилояти — 8,9%;
- Сирдарё вилояти — 8,1%;
- Бухоро вилояти — 7,8%;
- Қашқадарё вилояти — 6%.
2024 йилга нисбатан бирорта ҳам ҳудудда кўрсаткичлар ёмонлашгани қайд этилмади.
Эслатиб ўтамиз, 2018 йилда Ўзбекистон Таълим муассасаларига қабул бўйича давлат комиссияси томонидан давлат гранти асосида олий ўқув юртларига кириш учун минимал ўтиш бали 68 балл (максимал 189 баллнинг 36%), тўлов-контракт асосида ўқиш учун эса 56,7 балл (максимал 189 баллнинг 30%) этиб белгиланган.
2024 йилда университетларга кириш имтиҳонларида минимал ўтиш баллари 56,7 баллдан 75,6 баллгача, «соғлиқни сақлаш», «ҳуқуқ», «бизнес» ва «бошқарув» йўналишлари учун эса 94,5 балл этиб белгиланиши эълон қилинган эди.
Кириш имтиҳонлари натижаларига кўра ўта олмаган абитуриентларга киришда танланган бакалавриат йўналишларидан бири бўйича супер-контракт шартларида ўқиш имконияти берилади.
2025 йил 8 август куни бўлиб ўтган йиғилишда президент, агар абитуриент танлаган 5 та олий ўқув юртидан бирига кира олмаган, лекин унинг бали бошқа олий ўқув юртидаги бошқа мутахассислик бўйича бўш ўринга мос келса, ректор уни контракт асосида қабул қилиши мумкинлигини айтган эди.

