
Таниқли италиялик модельер ва Armani модалар уйи асосчиси Жоржо Армани 91 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.
«Armani Group чуқур қайғу билан ўзининг яратувчиси, асосчиси ва тинмас ҳаракатлантирувчи кучи Жоржо Арманининг вафотини эълон қилади», — дейилади компания баёнотида.
Компаниянинг маълум қилишича, модельер яқинлари қуршовида оламдан ўтган. «У ҳормай-толмай охирги кунларигача компания ва коллекцияларга ўзини бағишлаб ишлаган», — дея таъкидлади Armani.
Модельер билан видолашув 6 ва 7 сентябрь кунлари Миланда бўлиб ўтади. Дафн маросими Арманининг хоҳишига кўра, шахсий форматда ўтказилади, дея қайд этди компания.
Армани ўз фаолиятини 1960-йилларда Nino Cerruti компаниясида модельер сифатида бошлаган. 1975 йилда дўсти, меъмор Сержо Галеотти билан бирга Armani модалар уйига асос солган. Бугунги кунда компаниянинг йиллик айланмаси 2,7 млрд долларни ташкил этади.