
Ўзбекистонда илгари бошқа мақсадларда эгалланган яшил майдонлар, болалар ва спорт майдончаларини жамоат фойдаланишига қайтариш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу ҳақда «Ўзбекистон 24» телеканали сюжетида айтилган.
Ишлар давлат раҳбарининг 2025 йил 16 июнь куни ислоҳотлар самарадорлигини ошириш ва аҳолини ташвишга солаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича ўтказилган йиғилишда берилган топшириғи доирасида олиб борилмоқда. Устувор вазифалар орасида яшил ҳудудларни кенгайтириш, айниқса, маҳаллаларда сайр қилиш ва дам олиш учун жойлар ташкил этиш, ўз мақсадини йўқотган жамоат жойларини тиклаш бор.
Давлат раҳбари топшириғи билан Бош прокуратура раҳбарлигида «Ўзбеккосмос» агентлиги, Кадастр агентлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Адлия вазирлиги ва бошқа вазирликлар иштирокида республика ишчи гуруҳи тузилди.
Бош прокуратура бошқармаси прокурори Мансур Рўзимов ишчи гуруҳ томонидан ноқонуний равишда эгаллаб олинган болалар майдончалари ва яшил майдонларни қайтариш бўйича чора-тадбирлар кўрилаётганини маълум қилди.
2018–2019 йиллардаги болалар ва спорт майдончалари, яшил ҳудудларнинг архив космик тасвирлари ва долзарб тасвирлар ёрдамида ишчи гуруҳ қурилишдаги ўзгаришларни таҳлил қилиб, қоидабузарликларни қайд этмоқда. Ҳар бир ҳолат бўйича мутахассислар жойига чиқиб, таҳлил ўтказмоқда ва тегишли хулосаларни расмийлаштирмоқда.
Биргина Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманида жамоат жойларидан ноқонуний фойдаланиш бўйича 56 та ҳолат аниқланган. Улардан бири – 27 сотих майдонга эга бўлган ер давлат ер фондига қайтарилди. 2 та жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шу туманнинг «Баҳор» маҳалласидаги болалар майдончаси ҳудудида амфитеатр қуриш режалаштирилган эди. Бироқ текширувлардан сўнг у ерда яшил майдон ва болалар майдончаси ташкил этишга қарор қилинди.
«Ўзбекистон 24» телеканали сюжетида айтилишича, Юнусобод, Яккасарой ва Мирзо Улуғбек туманларида аэрокосмик мониторинг ёрдамида 374 та эҳтимолий қоидабузарлик ҳолатлари аниқланган. Уларнинг барчаси ўрганиш босқичида.
Кадастр агентлиги бошқарма бошлиғи Саид Саидов тезкор ўрганишлар натижасида Яшнобод, Мирзо Улуғбек ва Олмазор туманларида болалар майдончаларининг олиб қўйилиши бўйича ўнлаб ҳолатлар қайд этилганини маълум қилди.
Ер майдони мактабга қайтарилди
Яшнобод туманидаги 282-сонли мактабда жиддий қонунбузарликлар аниқланди: 2019 йилда футбол ва баскетбол майдончалари жойлашган 41 сотих ер майдони хусусий тадбиркор томонидан ноқонуний равишда ўзлаштирилиб, ўраб олинган.
Тадбиркор хусусий мактаб қуришни режалаштирган, аммо лойиҳа амалга оширилмаган. Ишчи гуруҳи ўрганишларидан сўнг спорт майдончалари мактабга қайтарилди.
Мактаб директори Муножат Довулова объект аслида 1600 ўринга мўлжалланган бўлса-да, унда 2300 нафар бола таълим олишини (1 ўринга 1,4 ўқувчи тўғри келади) маълум қилди. Таълим муассасасига қўшимча хоналар керак.
Яшил ҳудудларда қурилиш тўхтатилди
Яккасарой туманида спорт майдончаси ўрнида котлован қазилгани аниқланди.
Юнусобод туманининг «Акбаробод» маҳалласида яшил ҳудуд ва болалар майдончаси ўрнида аҳолининг кўплаб мурожаатларига қарамай, шаҳарсозлик нормалари бузилган ҳолда 12 қаватли бино қуришга уринишлар бўлган. Вазият ўрганиб чиқилгач, ер майдонини жамоат фойдаланишига қайтаришга қарор қилинди.
2020 йилда шу туманда кўп қаватли уйлар қуриш режалаштирилган эди, бироқ фуқароларнинг норозилиги ва прокуратура кўмаги билан лойиҳа тўхтатилган. Кейинчалик бу ерда болалар ва спорт майдончалари пайдо бўлди. Тадбиркорнинг ерни қайтаришга уринишларига қарамай, у аҳоли учун сақлаб қолинган. «Яшил макон» дастури доирасида бу ерга дарахтлар экилиб, суғориш тизими йўлга қўйилган.
Наманган вилояти
Наманган вилояти прокуратураси бўлим прокурори Жамолиддин Исомиддинов Ўзбекистонда йилдан йилга аҳоли сони ортиб бораётгани, шу билан бирга кўп қаватли уйларга талаб ҳам ошиб бораётганини таъкидлади. Шунингдек, бундай турар-жой мажмуалари ҳудудида яшил ҳудудлар, болалар майдончалари ва спорт объектларини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
«Асосий мақсад – аҳолининг дам олиши учун етарли шарт-шароитлар яратиш. Хусусан, вилоятдаги янги биноларда сайр қилиш ва қулай яшаш учун алоҳида яшил майдонлар мавжуд. Бироқ, афсуски, яшил ҳудудлар, болалар майдончалари ёки автотураргоҳлар ўрнида ноқонуний бинолар қурилган ҳолатлар ҳам бор. Шунингдек, ҳокимликлар қарорлари ёки аукцион баённомалари асосида тадбиркорларга тижорат фаолияти билан шуғулланиш учун ер участкалари берилган ҳолатлар ҳам аниқланди», — деди.
Шу муносабат билан Наманган вилояти прокуратураси томонидан ишчи гуруҳ тузилиб, 706 та кўп қаватли уйни ўрганиш ишларини бошлади. Ишлар икки йўналишда ташкил этилган:
Биринчиси — фойдаланишга топширилган янги уйлар атрофида яшил майдонлар, болалар майдончалари ва автотураргоҳлар ташкил этилганлиги текширилади;
Иккинчиси — илгари мавжуд бўлган яшил ҳудудларда объектлар қурилиши ҳолатлари ўрганилади.
Бугунги кунга қадар 20 дан ортиқ ноқонуний қурилишлар ва ўзбошимчалик билан ер эгаллаш ҳолатлари, шунингдек, ҳокимларнинг қарорлари ёки аукцион баённомалари асосида ер участкалари бошқа шахсларга ўтказиб берилган ҳолатлар аниқланган.
Барча қонунбузарликлар юзасидан яшил ҳудудларни асл ҳолига қайтариш бўйича масъул шахсларга тегишли кўрсатмалар берилган.
Ўзбекистон президенти 2025 йил 16 июнь куни бўлиб ўтган йиғилишда Тошкент шаҳри ва вилоят марказлари раҳбарларини аҳоли учун жамоат жойлари яратиш зарурлигига эътиборсизликда кескин танқид қилди. Унинг сўзларига кўра, бирорта ҳам ҳоким бўш ерларни топиш ва яшил ҳудудлар, тоза ҳавода сайр қилиш жойлари, спорт майдончалари ва фавворалар яратиш ҳақида ўйламайди.
Аҳоли мавжуд спорт ва болалар майдончалари, уйлар орасидаги яшил майдонлар қурилиш учун тадбиркорларга берилаётганидан норозилик билдирмоқда.
Масалан, барча кўп қаватли уйларга туташ ҳудудларни бошқарув компанияларига бириктириш топширилган эди. Бироқ, Тошкент шаҳар ҳокимининг 5 майдаги қарорига кўра, фақат 9802 та кўп қаватли уйлар остидаги ер участкалари кадастрга киритилган.
«Мақсад битта – қолган ерларни қурилиш учун тадбиркорларга сотиш! Топшириқлар ижроси устидан назорат қаерда? Қонуннинг кучи қаерда?» — деди давлат раҳбари.
Шу муносабат билан Бош прокурор ўринбосари Салом Самадов ва Адлия вазири Акбар Тошқуловга «Ўзбеккосмос» агентлиги ва Кадастр агентлиги билан биргаликда яшил ҳудудлар, спорт ва болалар майдончалари бошқа мақсадларда берилган ер участкаларини хатловдан ўтказиш ва «уларни ўз жойига қайтариш» топширилди.
2021 йил август ойида Шавкат Мирзиёев дарахтларнинг кесилиши ва уйлар орасидаги «нуқтали» қурилишлар туфайли яшил майдонларнинг қисқариши одамларни ташвишга солаётганини айтган эди.
«Баъзи раҳбарларнинг лоқайдлиги ёки тамагирлиги туфайли турар-жой даҳаларида одамлар болалари билан сайр қилиши, спорт билан шуғулланиши ва тоза ҳавода дам олиши учун очиқ майдон қолмаяпти», — деган эди у ўшанда.