Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Авто 04/09/2025

Дистрибьютор ва дилерлар иккинчи қўл автомобилларни сотиш ва алмаштириши мумкин

Ўзбекистонда Trade-Up дастури жорий этилмоқда, бу аввал ишлатилган автомобилни бошқа иккинчи қўл транспорт воситасига қўшимча ҳақ тўлаш орқали алмаштириш имконини беради. Бу Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 22 августдаги қарорида назарда тутилган.

Ҳужжатга кўра, эндиликда дистрибьютор ва дилерлар иккинчи қўл автомобилларни расман харид қилиш ва қайта сотиш, жумладан, Trade-In ва Trade-Up дастурлари бўйича сотиш имкониятига эга бўлади.

Trade-In — иккинчи қўл автомобилни янгисига қўшимча ҳақ тўлаш ёки нархдаги фарқни олиш орқали алмаштириш. Trade-Up эса иккинчи қўл автомобилни бошқа иккинчи қўл автомобилга қўшимча ҳақ тўлаш ёки нархдаги фарқни олиш орқали алмаштиришдир.

Иккинчи қўл автомобилни сотиш-сотиб олиш шартномаси, жумладан, Trade-In ва Trade-Up дастурлари бўйича расмийлаштиришдан олдин, агар автомобиль никоҳ пайтида сотиб олинган бўлса, турмуш ўртоғининг нотариал тасдиқланган розилиги олиниши керак.

Бундан ташқари, иккинчи қўл автомобилни сотиш-сотиб олиш бўйича битимни расмийлаштиришдан олдин, транспорт воситасининг агрегат рақамларини ЙҲХХдаги рўйхатдан ўтиш рақамлари билан солиштириш керак. Бу ҳақда 10 кун давомида амал қиладиган маълумотнома берилади.

Нотариус автомобилни бегоналаштиришга тақиқ ва хатлов йўқлигини текширгандан сўнг битимларни тасдиқлайди.

Иккинчи қўл автомобилни сотиб олган дистрибьютор ёки дилерлар уни ЙҲХХ органларида вақтинча рўйхатдан ўтказиши шарт. Вақтинча рўйхатдан ўтказиш учун улар ариза, шахсни тасдиқловчи ҳужжат, ишончнома, олди-сотди шартномаси ва транспорт воситасини рўйхатдан ўтказиш гувоҳномасини тақдим этиши керак.

Автомобиль вақтинча рўйхатдан ўтказилганда, дистрибьютор ва дилерларга транспорт воситасини сақлаш ёки ташкилот жойлашган жойгача олиб боришдан ташқари, уни бошқариш ҳуқуқини бермайдиган маълумотнома берилади. Автомобилни вақтинча рўйхатдан ўтказиш учун йиғим ундирилмайди.