Зангиота қишлоқ хўжалиги бўлими ходими 20 минг доллар олаётганда қўлга олинди

Зангиота тумани қишлоқ хўжалиги бўлими бош мутахассиси пора олганликда гумонланиб ҳибсга олинди, дея хабар бермоқда Давлат хавфсизлик хизмати.

Маълум қилинишича, у тадбиркордан хусусий уй ёнида жойлашган ва давлат захирасида бўлган 8 сотих ерни туман ҳокимлигидаги ишчи гуруҳи орқали расмийлаштириб бериш эвазига 40 минг АҚШ доллари талаб қилган.

Гумонланувчи ДХХ ва Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан 20 минг доллар олаётган вақтида қўлга олинган.

Мансабдорга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди (жуда катта миқдорда фирибгарлик) ва 28-модда (жиноятда иштирокчилик турлари) орқали 211-моддаси 3-қисми «а» банди (жуда катта миқдорда пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилган. У ҳибсга олинган. Тергов давом этмоқда.