Наманган ҳокими 60 минг доллар пора олганликда гумонланиб ҳибсга олинди

Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати Наманган шаҳар ҳокими Анваржон Отахўжаевнинг йирик миқдорда пора олганликда гумонланиб ҳибсга олингани ҳақида хабар берди.

Тергов органи маълумотларига кўра, ҳоким пойабзал ишлаб чиқаришга ихтисослашган хусусий корхона раҳбари билан биргаликда тадбиркордан шаҳар ичидаги эски уй-жой фонди ўрнига кўп қаватли уй қуриш учун 35 сотих ер майдонини олиб бериш эвазига 60 минг доллар талаб қилган.

«Тезкор тадбир давомида компания раҳбари кўрсатилган миқдордаги пулни олаётганда қўлга олинган. Шундан сўнг тезкор тадбир давом эттирилиб, шаҳар ҳокимининг ноқонуний ҳаракатлари у ҳокимлик девонхонаси мудири бўлган ишончли шахси орқали 60 минг доллар олаётган вақтида тўхтатилди», — дейилади хабарда.

ДХХ хабарида ҳоким депутатлик дахлсизлигидан маҳрум этилиб, ҳибсга олингани айтилади. Унга ва девонхона раҳбарига нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 210-моддаси 3-қисми «а» банди (жуда катта миқдорда пора олиш / 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади) билан жиноят иши қўзғатилган.

Компания раҳбарига нисбатан 168-модда 4-қисми «а» банди (жуда катта миқдорда фирибгарлик) ва 28-модда орқали 211-модда 3-қисми «а» банди (жуда катта миқдорда пора беришда иштирок этиш) бўйича айблов эълон қилинган.

Тергов ҳаракатлари давом этмоқда. ДХХ ҳокимнинг бошқа эҳтимолий ноқонуний ҳаракатларига ҳам ҳуқуқий баҳо берилишини таъкидлайди.

Эслатиб ўтамиз, Анваржон Отахўжаев 2023 йил декабрь ойида Наманган ҳокими этиб тайинланган эди. Бунгача 2019 йилдан бошлаб Наманган вилояти Чортоқ тумани ҳокими лавозимида ишлаган. 1998-2019 йилларда вилоят Иқтисодиёт ва статистика бошқармалари, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси минтақавий бошқармаси ва бошқа давлат тузилмаларида турли раҳбарлик лавозимларида фаолият юритган.