Мактаблар билан ИИВ инспектор-психологлари ишлайди

Ўзбекистонда 2025 йил март ойидан мактабларда ишловчи инспектор-психологлар штатлари Миллий гвардия тасарруфидан яна Ички ишлар вазирлиги тизимига ўтказилди. Бу ҳақда 2025 йил 19 август куни Тошкентда бўлиб ўтган матбуот анжуманида ички ишлар вазири ўринбосари Бекмурод Абдуллаев маълум қилди. Қарор президент қарори асосида қабул қилинган.

ИИВ раҳбари ўринбосарининг сўзларига кўра, инспектор-психологларнинг асосий вазифаси ўқувчиларнинг давоматини назорат қилиш эмас, балки ўсмирлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишдир.

«Тўғри, Миллий гвардия томонидан жуда кўп иш қилинди [мактабларда], биз буни инкор қилмаймиз. Улар бизнинг ҳамкасбларимиз ва жиноятчиликнинг олдини олиш йўлида елкама-елка хизмат қиламиз. Аммо иш фақат ўқувчиларнинг давоматини назорат қилиш билан тугамайди. Аслида, давомат учун Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги жавобгар. Биз топшириқ асосида давомат бўйича амалий ёрдам кўрсатамиз. Лекин барибир биринчи вазифамиз — фарзандларимизнинг жиноят йўлига кириб, ҳуқуқбузар бўлиб ўсишининг олдини олиш», — деди вазир ўринбосари.

Унинг тушунтиришича, инспектор-психологларнинг ИИВга қайтарилиши Миллий гвардиянинг ўқувчилар билан ишлашда имкониятлари чеклангани билан боғлиқ.

«Мактабга узоқ вақт қатнамайдиган ва ҳуқуқбузарликка мойил бўлган болалар билан доимий равишда ишлаш керак. Бундай вазиятлар деярли доимо оиладаги муаммолар билан боғлиқ. Бу ҳолатда инспектор-психолог маҳалла ва ҳудудий профилактика инспекторлари билан ҳамкорлик қилади. Шунингдек, у тунда кўчада ушланиб, вақтинча ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам марказларига жойлаштирилган вояга етмаганлар билан ҳам ишлаши керак. Бу марказлар ҳам ИИВ тизимига киради», — деди ИИВ вакили.

Абдуллаев болаларнинг гиёҳванд моддалар тарқатишга жалб этилган ҳолатларини мисол қилиб келтирди.

«Бу ҳам ИИВнинг масъулият зонасига киради. Айрим ҳолларда жиноят қидирув ходимлари ҳам жалб қилинади. Шу сабабли ИИВ тизимидаги инспектор-психологларнинг ишлаши учун имконият ва воситалари анча кўпроқ. Миллий гвардия тизимида эса имкониятлар чекланган эди», — дея қўшимча қилди Бекмурод Абдуллаев.

Ёзги таътил вақтида барча инспекторлар ИИВ Академиясида 20 кунлик ўқув йиғинларидан ўтишди. Машғулотларни мамлакатнинг етакчи психологлари, олий ўқув юртлари ўқитувчилари ва Миллий ижтимоий ҳимоя агентлиги мутахассислари олиб боришди. Барча инспекторлар тест синовидан ўтиб, сертификатлар олди, дея таъкидлади.

«2025 йил 1 мартдан бошлаб улкан ишлар қилинди. Масалан, Kundalik.com’да бир неча йил давомида мактабга қатнаётган сифатида қайд этилган ўқувчилар бор. Аммо улар умуман мактабга бормаган ёки чет элга кетган ёхуд жиноят содир этгани аниқланди. Бизда бундай фактлар жуда кўп. Яъни, гап фақат давоматда эмас, балки жиддийроқ муаммолар ҳам бор», — деди.

ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти ходими Нилуфар Ғиёсованинг сўзларига кўра, ўқув йили бошида инспекторлар штати 2000 кишини ташкил этган, улардан 300 нафардан ортиғи аёллар. Битта инспектор 5 та мактабга бириктирилган ва маъмурият, мактаб психологи ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ходимлар билан ҳамкорлик қилади.

Унинг сўзларига кўра, бу мутахассислар ҳар куни мактабларга боришади, аммо уларнинг иши фақат журналга белги қўйиш эмас. Улар дарс қолдириш сабабларини ўрганадилар, хавфларни аниқлайдилар ва олдини олиш учун ишлайдилар, дея тушунтирди.

2024 йил 5 февраль куни бўлиб ўтган йиғилишлардан бирида президент инспектор-психологларни ИИВ тизимидан Миллий гвардия тизимига ўтказилиши ҳақида маълум қилган эди. Миллий гвардия мактабларда давомат муаммосини ҳал қилишга қўшилганидан сўнг, интернетда ходимлар ўқувчи ва ўқитувчиларга жавобгарлик ҳақида гапириб бераётган видеороликлар тарқалди, бу эса жамиятда саволларни келтириб чиқарган.