Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Авто 31/08/2025

BYD Uzbekistan ўзбек тилида овозли бошқарувга эга Song Plus UzPride’ни тақдим этди

Жорий ҳафта Жиззах вилоятидаги BYD Uzbekistan Factory заводида гибрид (DM-i) кроссовер Song Plus UzPride тақдимоти бўлиб ўтди. Бу Ўзбекистонда маҳаллийлаштирилган бренднинг биринчи модели.

Тадбирда маълум қилинишича, автомобиль учун 17 та бутловчи қисм Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган. Булар бамперлар, ойналар, ўриндиқлар, пластикдан ишланган ички ва ташқи безак элементлари, шовқинга қарши материаллар ва пластик ёқилғи баклари. Шунингдек, автомобилда дунёдаги биринчи ўзбек тилидаги овозли бошқарув тизими мавжуд.

Song Plus ўзбекистонликлар орасида бренднинг энг оммабоп модели ҳисобланади, деди BYD Central Asia бош директори ўринбосари Иван Цао. Унинг сўзларига кўра, маҳаллийлаштириш логистика харажатларини, яъни таннархни пасайтириш имконини берди.

110 км электр қуввати захирасига эга Song Plus UzPride нархи 374,1 млн сўм, 150 км захирага эгаси эса 396,6 млн сўмни ташкил этади.

«Бу муваффақият — хитойлик ва ўзбекистонлик муҳандисларнинг биргаликдаги меҳнати, мамлакатда янги электромобиллар саноати ривожига қўшилган ҳиссадир», — деди BYD Uzbekistan Factory директорининг биринчи ўринбосари Ли Мин.

BYD Ўзбекистондаги фойдаланувчилар учун махсус тўлиқ АИ-ёрдамчини ишлаб чиққан дунёдаги биринчи автомобиль компанияси бўлди, дея таъкидлади у. Тизимни ўқитиш учун 1,5 миллиондан ортиқ нутқ ёзувлари тўпланган, бу эса уни ҳайдовчиларнинг талаффузи ва тил одатларига мослаштириш имконини берган.

Иван Цао ёрдамчи нафақат турли шеваларни тушуниши, балки фойдаланиш жараёнида ўрганишга ҳам қодирлигини қўшимча қилди. Бу ҳайдовчининг автомобиль билан ўзаро алоқасини «табиийроқ ва самаралироқ» қилади.

UzPride устидаги ишлар режалаштирилган 36 ой ўрнига 14 ой давом этди. Компания ичида лойиҳа «ўзбек мўъжизаси» деб аталади, бу Avtooyna, Uzdongyang, Uz-Koram-Co, O’zAuto-Austem, Uz Tong Heung Company, Uz-Hanwoo ва YAPP UBK Auto System каби ҳамкорларнинг иштироки туфайли мумкин бўлди.

Компания маҳаллий технологияларни ривожлантириш ва ишлаб чиқаришни кенгайтириш, «ҳамкорлар ва истеъмолчилар билан биргаликда олға боришни» ва BYD’нинг глобал стандартлари даражасида сифатни сақлаб қолишни мақсад қилган, дея таъкидлади Иван Цао. Ўзбекистондаги заводда ишлаб чиқарилаётган автомобиллар Хитойдаги BYD корхоналаридаги каби қатъий сифат стандартлари бўйича ишлаб чиқарилади, дея қўшимча қилди у.

«UzPride концепцияси „Ўзбекистондан — Ўзбекистон учун“ тамойилини акс эттиради. Маҳаллий автомобиллар, маҳаллий ишлаб чиқариш, маҳаллий тил, маҳаллий молиялаштириш ва сервис — бу лойиҳани ҳақиқатан ҳам маҳаллий қиладиган нарсадир», — деди BYD Central Asia бош директори ўринбосари.

Унинг сўзларига кўра, компания Ўзбекистон бозорига янги моделлар — Bao 5 ва Bao 8 йўлтанламасларини олиб киришни кўриб чиқмоқда. Расмий тақдимот жорий йил охирида ёки келгуси йил бошида бўлиб ўтиши мумкин.