
Футбол бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Марказий Осиё футбол ассоциацияси миллатлар кубоги (CAFA Nations Cup) биринчи турида дуранг ўйнади. 2025 йил 30 август куни Тошкентдаги янги «Олимпик» стадионида бўлиб ўтган учрашув 1:1 ҳисобида якунланди.
Ҳисобни 4-дақиқада меҳмонлар очди. Чап қанот ярим ҳимоячиси Нассер Ал-Раваҳи Ўзбекистон ҳимоясини ёриб ўтган тўпни жарима майдончасида қабул қилиб, дарвозага зарба берди. Дарвозабон Абдувоҳид Неъматов биринчи зарбани қайтара олди, аммо Ал-Раваҳи иккинчи уринишда тўпни дарвозага киритди — 0:1.
Мезбонлар 55-дақиқадагина жавоб қайтара олди. Уммон футболчилари ўзбекистонликларнинг ҳужумини жарима майдончаси яқинида тўхтатишга муваффақ бўлишди, бироқ ким тўпни узоқлаштириши кераклигини аниқлаштириб олишмади. Ҳожимат Эркинов чап қанотда тўпни қабул қилиб, дарвозанинг пастки ўнг бурчагига аниқ зарба берди — 1:1.
Қайд этиш жоизки, Ўзбекистон таркибида хорижда тўп сураётган легионерлар, жумладан, Элдор Шомуродов, Аббосбек Файзуллаев ва Жалолиддин Машарипов йўқ эди. Бош мураббий Тимур Кападзе аввалроқ матбуот анжуманида футболчилар жамоага кейинроқ қўшилишини таъкидлаган эди.
«А» гуруҳида Қирғизистон ва Туркманистон ўртасидаги бошқа учрашув ҳам дуранг (1:1) билан якунланди.
Ўзбекистон кейинги учрашувни 2025 йил 2сентябрь куни соат 19:30 да Туркманистонга қарши ўтказади.